Наманганда 1,6 млрд сўмлик ноқонуний криптоайланма фош этилди

Наманганда 1,6 млрд сўмлик ноқонуний криптоайланма фош этилди

Наманган вилоятида лицензиясиз криптоактивлар айланмасини амалга ошириб келган тўрт нафар шахснинг ноқонуний фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1993 йилда туғилган фуқаронинг ноқонуний фаолияти аниқланган. У “Bitget“ ва “Binance” платформалари орқали тегишли лицензиясиз 1 миллиард 121 миллион сўмдан ортиқ криптоактивлар айланмасини амалга ошириб келган.

Шунингдек, 2 ноябрь куни Учқўрғон туманида 2008 йилда туғилган шахснинг фаолиятига чек қўйилган. У “Tonkeeper” иловаси орқали лицензия ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, 277 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги 147 та пул операциясини амалга оширгани аниқланган.


3 ноябрь куни Наманган шаҳрида 1996 йилда туғилган фуқаро Telegram мессенжеридаги “Volt” номли бот орқали лицензиясиз криптоактивлар айланмасини амалга ошириб келгани фош этилган. Текширувларда унинг телефонида 196 миллион сўмдан ортиқ пул операциялари амалга оширилгани аниқланган.

Бундан ташқари, 4 ноябрь куни Чуст туманида 2003 йилда туғилган шахс “Bitget” криптобиржаси орқали тегишли лицензиясиз 71 миллион сўмлик криптоактивлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) тегишли қисмлари ва бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


×