Бразилиялик 49 ёшли эркак ижтимоий тармоқда танишган аёлга уйланиш умидида мол-мулкини сотиб, қарийб 2 минг километр йўл босиб ўтди. Лекин у учрашмоқчи бўлган аёл сунъий интеллект ёрдамида ишланган виртуал образ бўлиб чиқди. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Эдимар Роша Мартинс 2020 йилда ижтимоий тармоқда ўзини фермада яшовчи ёлғиз аёл сифатида таништирган блогернинг саҳифасига дуч келган. У видеоларида умр йўлдош излаётганини айтиб келган. Эркакнинг сўзларига кўра, у аёл сунъий интеллект ёрдамида яратилган образ эканини ҳеч қачон сезмаган.
Мартинс жорий йилнинг 9 октябрь куни севгилиси билан учрашиш учун сафарга отланишга қарор қилган. У йўл харажатларини қоплаш мақсадида ўзига тегишли буюмларни сотган ва Бразилиянинг Мараньян штатидаги Императрис шаҳридан Минас-Жерайс штатидаги Белу-Оризонти шаҳрига йўл олган. Ушбу икки шаҳар орасидаги масофа қарийб 2 минг километрни ташкил этади.
11 октябрь куни манзилга етиб борган эркак аёлни излай бошлаган. У ҳатто маҳаллий радиостанцияга ҳам мурожаат қилган. Бироқ у ерда аёлнинг мавжуд эмаслиги, бу ҳақдаги маълумотлар сохта экани айтилган.
Шундан сўнг, Мартинснинг пули тугаб қолган. У маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиб, ёлғизликдан чарчагани ва севги излаб узоқ йўл босиб келганини ходимга айтган. Натижада унга ёрдам кўрсатилиб, уйига қайтиши учун автобус чиптаси олиб берилган.
Кейинчалик аккаунтни очган шахс видеони эълон қилиб, аёл образи ижтимоий тармоқларда маҳсулотларни реклама қилиш учун сунъий интеллект ёрдамида яратилганини маълум қилган. Шунингдек, у Мартинс билан ҳеч қачон ёзишмаганини билдирган.
Тасодифий хабарлар
Фарғонада автомобилларга газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди
Mahallalarda radiouzellar tashkil qilish taklif etildi
ЙҲХББ ҳайдовчиларни огоҳлантиряпти
Наманганда 22-23 ноябрь кунлари 4 та ёнғин содир бўлди
Шавкат Мирзиёев: "Бизда касаллар сони кам-ку деб хотиржам бўлиш хиёнат"