Ўлат хавфи: ЖССТ Россиядаги вазият сабабини аниқлай олмади

Ўлат хавфи: ЖССТ Россиядаги вазият сабабини аниқлай олмади

Россиянинг Иркутск вилоятида Иркутск ўлатга қарши илмий-тадқиқот маркази ходимининг пневмониядан вафот этишига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳодиса билан боғлиқ касаллик тарқалиши кузатилаётганига далил топилмаганини, Россияда ўлат ҳолати қайд этилмаганини билдирди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 октябрь куни лаборатория ходими номаълум сабабга кўра пневмониядан вафот этган. Шундан сўнг Россия расмийлари у билан алоқада бўлган қарийб 200 кишини карантинга олган. Ҳодиса ижтимоий тармоқларда хавотирларга сабаб бўлган.

ЖССТ маълумотига кўра, марҳума ва у билан алоқада бўлган одамлардан олинган таҳлиллар текширилган хавфли патогенлар бўйича манфий натижа берган. Шунингдек, марҳума билан алоқада бўлганларда касаллик аломатлари кузатилмаган, у билан боғлиқ бошқа оғир пневмония ҳолатлари ҳам аниқланмаган.



“Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, ЖССТ ушбу ҳодиса билан боғлиқ касалликнинг давом этаётган юқишига далил топмади. Бироқ марҳум лаборатория ходимига аниқ ташхис қўйилмагани асосий ноаниқлик бўлиб қолмоқда“, дейилади ташкилот баёнотида.

Россия расмийлари марҳума зарур эмлашлардан ўтганини ва унинг организмида лабораториядаги фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар аниқланмаганини билдирган.

Жорий йилнинг 8 октябрь куни Россия марҳума билан алоқада бўлган барча одамларнинг тиббий текширувлари якунланганини маълум қилганди. Шунингдек, ЖССТга белгиланган тартибда барча зарур маълумотлар тақдим этилганини билдирган.

COVID-19 пандемиясидан кейин халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари сабаби номаълум пневмония ҳолатларини алоҳида кузатиб келмоқда. Бироқ айрим ҳолатларда касалликнинг аниқ сабабини аниқлашнинг имкони бўлмайди.


Теглар:
×