Машҳур YouTube-блогер MrBeast Тошкентдаги тадбирда иштирок этади

Машҳур YouTube-блогер MrBeast Тошкентдаги тадбирда иштирок этади

MrBeast номи билан машҳур бўлган америкалик блогер Жимми Доналдсон Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси таклифига биноан Ўзбекистонга келади. У 9 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтадиган тадбирда қатнашади.

Тадбирда Тошкентдаги учрашувда шахсан қатнаша оладиган 18 ёшдан ошган шахслар иштирок этиши мумкин.

Тадбирга кириш бепул. Иштирокчилар рўйхатдан ўтганлар орасидан компьютер орқали тасодифий саралаш тизими ёрдамида танлаб олинади.

Маълум қилинишича, ҳар бир шахс битта тасдиқланган мобил телефон рақами ва битта амалдаги паспортдан фойдаланган ҳолда бир марта рўйхатдан ўтиши мумкин. Бошқа шахс номидан рўйхатдан ўтишга йўл қўйилмайди.

Саралашдан сўнг жой фақат танланган иштирокчига бириктирилади. Меҳмонлар ёки уларга ҳамроҳ шахсларнинг иштирок этишига рухсат берилмайди. Жойларни сотиш, бериб юбориш ёки алмаштириш мумкин эмас. Агар жой сотувга қўйилса, у бекор қилинади.

Рўйхатдан ўтиш 6-8 октябр кунлари давом этади.


×