Эрон телеканали Трампнинг ўғли ҳақда сирли ролик намойиш қилди

Эрон телеканали Трампнинг ўғли ҳақда сирли ролик намойиш қилди

Эрон давлат телевидениесида АҚШ президенти Дональд Трампнинг 20 ёшли ўғли Баррон Трамп ҳақида ролик намойиш этилди. Ислом инқилоб қўриқчилари корпусига алоқадор телеканалда эфирга узатилган лавҳа “Баррон Трампни қаерда ва қандай ўлдирамиз?” деб аталади.  

Роликда Баррон Трамп ўқийдиган университет манзили, унинг кортежи ҳаракат йўналиши ва махсий хизмат агентларининг жойлашуви намойиш этилади ва АҚШ президентининг ўғли қай йўналишда ҳаракатланаётгани тўлиқ кузатилаётгани иддао қилинади. 

Шунингдек, Трампнинг ўғлига доир маълумот учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилингани ҳам айтилади.

Лавҳада бир қиз махфий қўриқлаш хизмати кўзини шамғалат қилган ҳолда Баррон Трамп билан учрашгани қайд этилади. 

Таҳлилчиларга кўра, Баррон Трамп ҳақидаги ролик жорий йил июль ойида Tasnim агентлиги эълон қилган “Мелания Трамп қаерда ва қандай ҳаракатланади?” лавҳасини ёдга солади. У лавҳада АҚШ биринчи хонимининг Нью-Йорк бўйлаб ҳаракати ва қўриқлаш хизматининг заиф нуқтаси ҳақида сўз боради. 

Эрон ОАВда Дональд Трамп ҳақида таҳдидли лавҳалар кўп бора эфирга узатилган. Теҳрондаги Ислом инқилоби майдонида ҳам Трампнинг ўлимига ишора қилувчи улкан пешлавҳа осилгани маълум.

Трамп биринчи президентлик даврида – 2020 йилнинг январида Эроннинг “Қудс” кучлари қўмондони, нуфузли генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ берган эди. Эрон ҳукумати Сулаймоннинг ўлими учун қасос олинишини айтган.

2020 йилда Эрон ҳуқуқ идоралари Интерполга АҚШ президенти Дональд Трампни қидирувдаги жиноятчилар рўйхатига киритишни сўраб мурожаат йўллаган.

Жорий йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши кенг кўламли уруш бошлади. Муҳорабанинг илк кунида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ўлдирилди.

Олий раҳбарнинг ўлимидан кейин Эронда қасос ва хун тамойилига мувофиқ Трамп ўлдирилиши кераклиги ҳақида фикрлар янграган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил июль ойида Исроил АҚШ ҳукуматига Эрон томонидан президент Трампга қарши янги суиқасд режаси тайёрланаётгани ҳақида разведка маълумотларини тақдим этган. 

Трампнинг ўзи Теҳрон ҳукумати унга қарши суиқасд амалга оширгудек бўлса, Эрон яксон қилиниши ҳақида баёнот берган. 

Аксар таҳлилчилар Теҳрон ҳукумати томонидан АҚШ президентига суиқасд амалга оширилиши эҳтимоли паст эканини айтади. Чунки дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган давлат раҳбарига суиқасд уюштириш ва унинг муваффақиятли чиқиши амримаҳолдир.

Исроилнинг суиқасд ҳақидаги сўнгги огоҳлантириши ҳам Вашингтонни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ундаш мақсадида берилган бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида: президентликка номзодлик даврида Трампга бир неча бор суиқасд амалга оширилгани ва аксар ҳолларда бундай уринишларнинг олди олинган.

Жумладан, 2024 йил 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди учрашув пайти Трампга қарши суиқасд уюштирилган. 20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини ялаб ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилган.


Manba Xabar.uz

×