Транспорт воситасини бошқариш давомида ҳайдовчилар йўл-патруль хизмати ходимларига биометрик паспорт ёки ID-картасининг асл нусхасини тақдим этишлари шарт. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ЙПХ ходимлари машинани тўхтатса, ҳайдовчилар паспорт ёки ID-картасининг электрон шаклини тақдим этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу хабарга муносабат билдирди.
Унга кўра, ҳайдовчилар йўл-патруль хизмати ходимларига биометрик паспорт ёки ID-картасининг асл нусхасини тақдим этишлари шарт бўлади. Ҳаттоки 1 июлдан кейин ҳам.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали ва ижтимоий карта мобил иловасидаги 17 турдаги ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилиши белгиланган. Ушбу рақамли сервисларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропортларда ички рейсларни рўйхатдан ўтказишда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи поездларга чиқишда, давлат, корпоратив ва бошқа хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, электрон хизмат кўрсатишда ҳамда фуқароларни қабул қилишда тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларда талаб этилмаслиги белгиланган.
Жорий тартиб йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фуқароларга хизмат кўрсатувчи маъмурий амалиёт маркази ёки рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимларида амал қилади.
“Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси тўртинчи қисмига кўра, йўл-патруль хизмати инспекторларига ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш давомида биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-картасининг асл нусхасини тақдим этишлари шарт”, дейилади муносабатда белгиланган ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этилиши кераклигига асос қилиб.
Таъкидланишича, паспорт ёки ID-картаси мавжуд бўлган тақдирда, ҳайдовчилик гувоҳномасини, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида, шунингдек, транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни, суғурта полисини, ойналар тусини ўзгартириш, қорайтириш учун тегишли рухсатномани ҳайдовчилар ёнида олиб юриши талаб этилмайди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистоннинг давлат қарзи $20 миллиард. Кимдан қанча қарзмиз? (таҳлил)
Наманганда «снослар» бўйича 7 та ноқонуний қарор қабул қилинган — Бош прокуратура
Россияда хорижлик талабаларга патентсиз ишлашга рухсат берилди
Microsoft Windows’нинг янги дизайни намойиш этилди
Машҳур Лондон автобуси нега икки қаватли ва қизил рангда?