Роналду Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида гапирди

Роналду Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида гапирди

Футбол бўйича Португалия миллий терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду ЖЧ-2026 доирасидаги Ўзбекистонга қарши ўйин ҳақида гапириб, мақсади ҳар доим миллий терма жамоага қўйилган вазифаларга эришишда ёрдам бериш эканини айтди. Бу ҳақда у кеча, 23 июнь куни ўйиндан сўнг FIFA’га берган интервьюсида сўз очди.


“К” гуруҳининг 2-турида 41 ёшли форвард дубль қайд этиб, жамоасининг 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабасига ҳисса қўшди ва учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Роналду тарихда олтита Жаҳон чемпионатида гол урган илк футболчига айланди. Шунингдек, у Эйсебиони ортда қолдириб, ўнта гол билан Жаҳон чемпионатларида урилган голлар сони бўйича Португалия терма жамоаси рекордини ўрнатди.

“Жуда хурсандман. Аммо мен учун энг муҳими – бу бизнинг меҳнатимиз ва кўрсатган ишончимиздир. Жамоа ҳақиқатан ҳам яхши ҳаракат қилди ва ўз ўйинини сезиларли даражада яхшилади. Халқимиз айтганидек, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор. Албатта, шахсан мен учун рекордлар доим ёқимли, лекин мақсадим ҳар доим миллий терма жамоага қўйилган вазифаларга эришишда ёрдам беришдир”, дейди Роналду.

Биринчи турда португалияликлар Конго ДР билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Сўнгги турда Португалия терма жамоаси Колумбия билан тўқнашади. Учрашув Тошкент вақти билан 28 июнь куни соат 03:30 да бошланади.


Теглар:
×