Бугун, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари бошланмоқда. Дастлабки турда ўз кучини намойиш этган фаворитлар кейинги босқич йўлланмаси сари яна бир муҳим қадам ташлаш имкониятига эга бўлса, омадсиз старт олган жамоалар учун ҳар бир очко ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Навбатдаги ўйинлар орасида Аргентина – Австрия, Франция – Ироқ, Норвегия – Сенегал ҳамда Иордания – Жазоир қарама-қаршиликлари бўлиб ўтади. Лионель Месси навбатдаги тарихий рекорд остонасида турган бўлса, Килиан Мбаппе Франция билан плей-офф йўлланмасини муддатидан аввал ҳал қилишни кўзламоқда.
Шу билан бирга, Сенегал, Ироқ, Иордания ва Жазоир каби жамоалар учун мазкур тур тақдирни ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Аргентина – Австрия
Бугунги, 22 июнь кунги учрашувларни бошлаб берадиган баҳс Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади. Аргентина терма жамоаси мундиални ишончли тарзда бошлади ва биринчи турда Жазоирни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба Лионель Скалони шогирдлари учун кетма-кет саккизинчи муваффақият бўлди ва уларнинг турнир фаворитларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлади. Амалдаги жаҳон чемпионлари мундиаллардаги мағлубиятсиз сериясини етти ўйинга етказди – беш ғалаба ва икки дуранг.
Жамоа сардори Лионель Месси эса навбатдаги тарихий рекорд остонасида турибди. Агар у Австрия дарвозасини ишғол қилса, Жаҳон чемпионатлари тарихидаги голлари сонини 16 тага етказади ва Мирослав Клозенинг рекордидан ўзиб кетади. Шунингдек, Месси кетма-кет олтита мундиаль ўйинида гол урган тарихдаги учинчи футболчига айланиши мумкин.
Австрия ҳам турнирни муваффақиятли бошлади. Ральф Рангник жамоаси Иорданияни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Австрияликлар сўнгги 12 учрашувнинг 10 тасида ғалаба қозониб, бирида дуранг ўйнади ва фақат бир марта мағлуб бўлди.
Франция – Ироқ
23 июнь кунига ўтар кечаси Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади. Франция терма жамоаси биринчи турда Сенегални 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, мундиални ғалаба билан бошлади. Учрашув қаҳрамони бўлган Килиан Мбаппе дубль қайд этиб, миллий жамоадаги голлари сонини 58 тага етказди ва Франция тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
Бу натижа французларнинг йирик халқаро турнирлардаги кетма-кет еттинчи муваффақиятли старти бўлди. Энди Дидье Дешам шогирдлари мундиалда кетма-кет тўртинчи марта дастлабки икки ўйинда ҳам ғалаба қозониш имкониятига эга.
Ироқ эса 1986 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Бироқ қайтиш муваффақиятсиз кечди – биринчи турда Норвегияга 1:4 ҳисобида имконият бой берилди. Шу боис мазкур баҳс араб жамоаси учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Норвегия – Сенегал
Эртага, 23 июнь куни Тошкент вақти билан соат 03:00 да бошланади. Бу Норвегиянинг 1998 йилдан бери илк жаҳон чемпионати ҳисобланади. Столе Сольбаккен бошчилигидаги жамоа биринчи турда Ироқни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ пешқадамига айланди. Норвегияликлар расмий учрашувлардаги ғалабали сериясини 11 тага етказди ва ушбу давр мобайнида рақиблар дарвозасига 50 та гол урди.
Сенегал устидан қозониладиган эҳтимолий ғалаба норвегияликларни плей-офф босқичига янада яқинлаштиради ва уларга йирик халқаро турнирларда илк бор кетма-кет икки ғалабага эришиш имконини беради.
Сенегал эса биринчи турда Францияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу африкаликлар учун кетма-кет учинчи ғалабасиз учрашув бўлди. Шунга қарамай, жамоанинг ёш иқтидори Иброҳим Мбайе тарихга кирди. У 18 ёш-у 142 кунлигида мундиалда гол урган энг ёш африкалик футболчига айланди. Мутахассислар ушбу баҳсни турнинг энг тенг ва қизиқарли учрашувларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Иордания – Жазоир
Эртага, 23 июнь куни Тошкент вақти билан соат 06:00 да бошланади. Иордания учун бу ўз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Бироқ дебют муваффақиятсиз кечди – жамоа биринчи тура Австрияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, Иорданиянинг ғалабасиз серияси олтита ўйинга етган. Бу даврда жамоа икки марта дуранг ўйнаган ва тўрт марта мағлуб бўлган. Энг хавотирлиси, мазкур олти учрашувнинг ҳар бирида осиёликлар камида иккитадан гол ўтказиб юборган.
Жазоир ҳам биринчи турда Аргентинага 0:3 ҳисобида имконият бой берди. Бироқ Африка вакилида плей-офф учун курашни давом эттириш имконияти сақланиб қолган. Жазоир Жаҳон чемпионатларидаги сўнгги 11 ўйиннинг фақат биттасида ғалаба қозонган бўлса-да, Аргентинага қарши баҳсгача жамоа барча мусобақалар доирасидаги сўнгги тўққиз учрашувнинг еттитасида зафар қучган эди. Шу сабабли мутахассислар ушбу қарама-қаршиликда Жазоирни фаворит сифатида кўрмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати 2-тур доирасидаги Португалияга қарши баҳси АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашув эртага, 23 июнь куни ўтказилади ва Тошкент вақти билан соат 22:00 да старт олади.
Тасодифий хабарлар
Европа Украина бўйича Россия билан музокараларга тайёр – Мерц
Барча ўқитувчилар бепул дорилар билан таъминланади
Наманганда Damas уриб юборган 75 ёшли фуқаро ҳалок бўлди
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги (тўлиқ)
Намангандаги каналда аёл кишининг жасади оқиб кетди: прокуратура текширув бошлади (ВИДЕО +18)