Наманган вилоятида террористик ташкилот ғоялари таъсирига тушган 21 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда “Ислом давлати” террористик ташкилоти ғоялари таъсирига тушган 21 нафар шахс ушланган. Жамоатнинг етакчиси, Поп тумани “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро ижтимоий тармоқларда ноқонуний каналлар очиб, унга “Ислом давлати” террористик ташкилоти ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тарқатиб келган.
Аниқланишича, ушбу фуқаро ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш давомида айни пайтда Жанубий Кореяда мавсумий ишлаб келаётган Фарғона вилояти Учкўприк туманида рўйхатда турувчи шахс билан танишиб, унинг виртуал таъсирида террористик ташкилотлар фаолиятига жалб қилинган. Ушбу шахслар ота-оналарининг розилигисиз шаръий никоҳдан ўтган ҳолда келгусида жанговар ҳаракатлар амалга оширилаётган ўчоқли ҳудудларга ҳижрат қилиб кетишни режалаштирган. Шунингдек, у ўзининг ҳаракатларига узоқ қариндоши ва маҳалладошини жалб қилган. Ушбу фуқаролар ижтимоий тармоқларда яширин каналлар ташкил қилиб, унга ўзларининг яқин қариндошлари, маҳалладошлари ҳамда экстремизмга мойил бўлган шахсларни аъзо қилиб, уларга террористик ташкилотларнинг амалга ошираётган қўпорувчилик ҳаракатлари, қатл саҳналари, қонли жанглар, амалдаги давлат тузумини куч билан ағдариб ташлашга қаратилган ғояларни сингдириб келган.
“Мен ижтимоий тармоқлар орқали, яъни “Ислом давлати” террорчиларининг таъсирига тушиб қолиб, ўзимнинг Telegram мессенжерим орқали каналлар очиб, террорчиларнинг қотилликлари акс этган видеолари, даъватлари акс этган видеолар ва дарсликларини тарқатганман. Террорчиларнинг материаллари билан танишишим давомида Мисрга ҳижрат қилиб, у ерда “илм олиб”, сўнг “Ислом давлати” террорчилари билан биргаликда жиҳод қилишни мақсад қилгандим. Мен бу ишимдан афсусдаман. Агар менга имкон берилса, келгусида бу ишлардан узоқ юришни, тармоқлардан тўғри мақсадда фойдаланишни, ота-онамга, халқимга яхши хизмат қилишни ваъда бераман ва мен каби ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишларини сўраб қоламан”, дейди улардан бири.
Яна бир шахс жорий йилнинг январь ойидан бошлаб интернет тармоғидаги диний мавзудаги видео, фотосуратларни кўриб, у оқимга қўшилиб қолганини, Telegram профиль очиб, унга ҳар хил жиҳодга чорловчи, ҳижратга чорловчи видео, “Ислом давлати”нинг байроқлари акс эттирилган видеолар, фотосуратлар жойлаб бошлаганини билдирмоқда.
“Мен бу қилган ишларимдан афсусдаман. Менга ўхшаган ёшларнинг интернет тармоғидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишларини сўрайман ва мен бу йўл хатолигини англаб етдим. Бу ишимдан пушаймонман ва қайтиб бунақа ишларга қўл урмайман”, дейди у.
Маълум бўлишича, ушбу фуқаролар бир неча маротаба огоҳлантирилган. Бироқ ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан, ўз фаолиятини махфий тарзда давом эттириб келган. Тезкор тадбир давомида жамоат аъзоларидан диний адабиётлар, ахборот ташувчилар ва бошқа ашёвий далиллар тегишли тартибда, холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Тадбир натижасида жамоатнинг наманганлик 4 нафар етакчисига нисбатан Жиноят кодексининг 244-1 ва 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 2 нафарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 17 нафар аъзоларига нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Банкларда доллар курси 10 860 сўмгача кўтарилди
Тошкент вилоятида йигит 17 ёшли дўстини пичоқлаб, ўлдирди
Трампнинг мағлубиятини башорат қилган экстрасенс COVIDнинг қачон тугашини маълум қилди
Автомобил заводи, йўл ва футбол — Ҳоким саволларга жавоб берди
Демак, афсона! Олимлар Лох-Несс махлуқининг мавжудлиги борасида ҳеч қандай далил топа олишмади