APK файллар тарқатиб, одамлардан 2 млрд пул “шилган” шахс ушланди

APK файллар тарқатиб, одамлардан 2 млрд пул “шилган” шахс ушланди

Навоий вилоятида APK файллар тарқатиб, одамларнинг 2 млрд пулини ўмарган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаро турмуш ўртоғига тегишли бўлган банк пластик картасидан 22 миллион сўм пуллар сирли равишда ғойиб бўлгани ҳақида Ички ишлар органларига мурожаат қилган.

Тезкор тадбирлар давомида бу шахс 2004 йилда туғилган сирдарёлик йигит эканлиги, фуқароларга Paynet тўлов тизимида доимий даромад манбаига эга бўлиши ҳақидаги ёлғон хабарларни тарқатган. У турли вилоятларда яшовчи 9 нафар шахсларни шартнома асосида якка тартибдаги тадбиркорга айлантирган.

Уларнинг ҳисобларидан фойдаланиб, APK вирусли иловадан зарарланган фуқароларнинг банк карталаридан пулларини ечиб олиб, ҳар бир транзакция учун 5-7 фоиз улуш олиб турган. 

Тезкор қидирув тадбирида Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси, ахборот-технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан қонунбузар қўлга олиниб, содир этилган 121 та кибер жиноятлар фош этилган.

Ушбу шахс шу кунга қадар Telegram’да вирусли иловани тарқатиш орқали Навоий вилоятида, қолаверса, республиканинг бошқа ҳудудларида яшовчи жами 201 нафар фуқароларнинг банк карталарида мавжуд бўлган умумий ҳисобдаги 2 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги пул маблағларини яширин равишда талон-тарож қилган. Қўлга киритган пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Ушбу шахсга нисбатан ҳозирги кунда Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзда эҳтиёт чораси қўлланилган. 


Теглар:
×