Наманганда банклардан бирининг эркак ходими меҳмонхонада аёл ҳамкасбига шилқимлик қилди.

Наманганда банклардан бирининг эркак ходими меҳмонхонада аёл ҳамкасбига шилқимлик қилди.

Мусобақада қатнашиш учун Тошкентга юборилган Намангандаги банклардан бирининг эркак ходими меҳмонхонада аёл ҳамкасбига шилқимлик қилди. Жабрланувчининг айтишича, у ҳамкасбининг жинсий алоқада бўлиш таклифига рози бўлмагач, эркак уни ётқизиб, ёстиқ билан бўғган. Ҳуқуқбузар 5 суткага қамалди.

  

Тошкентдаги Роҳат меҳмонхонасида аёл ҳамкасбининг хонасига бирга овқатланиш учун кириб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган 25 ёшли банк ходими 5 суткага қамалди. Gazeta суд қарорини ўрганди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳуқуқбузар У.О.га оид маъмурий иш 2026 йил 18 февраль куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган.

Иш ҳужжатларига кўра, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги банкларнинг бирида ёрдамчи вазифасида ишлайдиган ҳуқуқбузар У.О. (эркак) ва М.И. (аёл) 2025 йил декабрида банк томонидан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этиш учун юборилган. 18 декабрдан 19 декабрга ўтар кечаси соат 00:00 атрофида Чилонзор туманида жойлашган Роҳат меҳмонхонасида У.О. фуқаро М.И. жойлашган хонага бирга овқатланиб олиш учун кириб, унга шаҳвоний шилқимлик қилгани аниқланган.


Суд мажлисида ҳуқуқбузар У.О. айбига иқрор бўлиб, М.И.ни 2021 йилдан бери танишини, Роҳат меҳмонхонасининг М.И. жойлашган хонага у билан овқатланиш учун киргани ва бирга мусобақага тайёргарлик кўрмоқчи бўлишгани, аёл ҳамкасбини қучоқлаш мақсадида унга қўл узатгани, бироқ у қаршилик кўрсатганини айтиб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Суд мажлисида жабрланувчи М.И.нинг айтишича, меҳмонхонада ўз номига олган хонада ўтирган вақтида ёнига ҳамкасби У.О. кириб, бирга овқатланишни таклиф қилган. Аммо қиз бунга рози бўлмаса-да, У.О. унинг хонасида овқатланиб чиқиб кетишини айтган, орадан бир оз вақт ўтгач, эркак унга тегажоғлик қилиб, у билан жинсий алоқада бўлишни таклиф қилган. Қиз «Бу ишни қилганимдан кўра, ўлганим яхши», деганида, У.О. унга «унда ўласан», деб жавоб қайтарган ва уни ётқизиб, ёстиқ билан бўғган. Шунда жабрланувчи М.И. бақириб қаршилик кўрсатган, у хонадан чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида У.О. уни хонадан чиқишига қўймаган.

Суд қарорига кўра, судланувчи У.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Теглар:
×