Бугун, 10 февралдан бошлаб жорий йилнинг 11 мартигача Куба ҳукумати етти йирик аэропорт, жумладан, Гавана шаҳридаги Жозе Марти халқаро аэропортида самолётларни ёнилғи билан таъминламайди. Бу қарор оролда энергия инқирози кучайганини билдиради ва мамлакат туризм соҳаси учун жиддий хавф туғдиради. Бу ҳақда “Ap News” хабар берди.
Хабарда келтирилишича, ҳукумат мазкур қарорни АҚШнинг нефть блокадаси оқибатида оролнинг асосий нефть манбаларига, хусусан, Венесуэла ва Мексикага кириши тўхтатилганидан сўнг қабул қилган. Оқибатда Air Canada ва бошқа авиакомпаниялар парвозларни тўхтатган. Шунингдек, баъзи рейслар Мексика ва Доминикан Республикасида қўшимча ёнилғи олиш орқали давом эттирилмоқда.
Кубанинг иқтисодиёти асосан туризмга таянади, бу соҳа бир вақтлар йиллик 2,5 миллиард евро даромад келтирган. АҚШ санкциялари орол иқтисодиётини 60 йилдан ортиқ вақт давомида қийинлаштириб келмоқда. Яқинда Трамп Венесуэладан Куба учун нефть етказилмаслигини ва янги тарифларни жорий қилишни буюрди. Бу эса вазиятни янада оғирлаштирди.
Шунингдек, энергия инқирози оқибатида Гавана Халқаро китоб ярмаркаси каби йирик тадбирлар бекор қилинди, бейсбол мавсуми тақвими қайта тузилди. Банклар иш вақтини қисқартирди, ёнилғи доллар эвазига ва фойдаланувчи бошига 20 литр билан чекланган. Жамоат транспорти деярли тўхтаб қолган. Аҳоли эса кунига 10 соатгача электрсиз ҳаёт кечирмоқда.
Тасодифий хабарлар
Россияда икки ўзбекистонлик 35 ёшли аёлни зўрлашда гумон қилинмоқда
Вакцина ишлаб чиқилмагунга қадар коронавирусни енгиб бўлмайдими?
Энди Россияда ишлаш учун патентни Ўзбекистонда ҳам олса бўлади
Ўзбекистонда кредит бериш талаблари ўзгаради
Тошкентда ЙПХ автомобили дарахтга бориб урилди