Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна гуманитар ёрдам юборди

Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна гуманитар ёрдам юборди

Кеча, 29 декабрь куни Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон раҳбарияти номидан Афғонистон халқига навбатдаги гуманитар ёрдамни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, умумий оғирлиги қарийб 390 тоннани ташкил этган мазкур гуманитар юк “Термез Cарго Cентре” майдончасида шакллантирилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳамда тиббий ускуналардан иборат.

“Гуманитар юк таркиби билан танишиш жараёнида Балх вилояти ҳокими M.Vafo Афғонистон халқига кўрсатилаётган доимий ёрдам учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди. Ушбу ёрдам Ўзбекистон раҳбарияти томонидан афғон халқини қўллаб-қувватлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг ифодаси экани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур акция 2025 йил давомида Афғонистон халқига йўналтирилган тўртинчи гуманитар ёрдам ҳисобланади.

Шунингдек, Балх вилояти ҳокими Ўзбекистон томонидан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирларга эътибор қаратди. Натижада сўнгги йилларда афғон маҳсулотлари экспорти ҳажмлари сезиларли даражада ошгани, шунингдек, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий шароит ва аҳоли фаровонлиги яхшилангани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) муносабати билан Афғонистон аҳолисига қарийб 200 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик юки қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилганди. Май ойида эса Ўзбекистон Афғонистонга беғараз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (26 тоннадан ортиқ уруғлар) етказиб берди. Июнда Қурбон ҳайити муносабати билан Афғонистон аҳолисига 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди. Сентябрдаги зилзиладан сўнг эса бағрикенглик ва ҳамдардлик рамзи сифатида Кунар ва Нангарҳор вилоятлари аҳолиси учун 300 тонна инсонпарварлик ёрдами юборилди. Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттиради.


×