Хоразмда ИИО ходими 30 минг доллар билан қўлга тушди

Хоразмда ИИО ходими 30 минг доллар билан қўлга тушди

Хоразм ва Фарғона вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Маъум қилинишича, Хоразм вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг катта тезкор вакили Хива шаҳри ҳудудидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экиш учун ажратилган 12 сотих ер майдонида уй-жой қуриш учун ҳокимият идораларида ишловчи мансабдор танишлари орқали рухсат олиб бериш эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. 

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда Бувайда туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс 2006 йилда туғилган таниши билан тил бириктириб, ўзи ва 14 нафар ёшларга деҳқончилик қилиш учун давлат томонидан имтиёзли шартлар асосида ажратилган жами 3 гектар ер майдонини танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 115 млн сўм талаб қилиб, 9500 АҚШ доллари ва 700 минг сўм олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Теглар:
×