Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирда банд бўлмаган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш йўналишларини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда у бугун, 8 август куни олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилишда маълум қилди.
Билдирилишича, 20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафар битирувчини 10 мингга яқин корхонадаги стаж талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаштириш мумкин.
Шунингдек, ҳар бир вилоятда бизнес-инкубаторлар ташкил қилиб, уларда тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн, АТ хизматлари орқали 15-20 минг битирувчини банд қилиш топширилди.
Бундан ташқари, кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия, фармацевтика тармоқларида 10 минг муҳандис, технолог, оператор, стандартлаш, сифат назорати, молия, иқтисодиёт йўналиши битирувчиларини ишга жойлаш имконияти бор. Шунингдек, тўқимачилик, чарм, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат каби маҳаллий саноат тармоқларида 5-7 минг битирувчини доимий иш билан таъминлаш мумкин.
Мутасаддиларга 6 минг битирувчини транспорт, логистика, йўл, қурилиш, коммунал соҳалар билан қамраб олиш, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият, санъат соҳалари муассасалари ва ўқув марказларида 10 минг битирувчини ишли қилиш топширилди. Яна 30 минг битирувчига эса бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади.
Шу билан бирга, бундан буён битирувчиларни ишга жойлашда ўзини ўзи банд қилганлик инобатга олинмаслиги белгиланди.
Давлат раҳбари уюшмаган ёшлар билан ишлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Шундан 115 минг нафарининг бандлигини таъминлаш масаласи вазирлик, вилоят ва туман раҳбарлари томонидан ҳал қилинмоқда. 52 минг тарбияси оғир ёшлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан оталиққа олингани ҳам натижасини кўрсатди.
Шу билан бирга, қолган 5,5 минг ишсиз, 31 минг тарбияси оғир ёшлар ва ўқишдан четлатилган 3 минг талаба билан тизимли ишлаб, ҳаётда ўз йўлини топиши учун ёрдам бериш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга ҳокимлар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан биргаликда 9 минг уюшмаган ва ўқишдан четлатилган ёшни тадбиркорлик, хорижий тил ва замонавий касбларга ўргатиб, ишли қилиш топширилди. Масъуллар олдига 31 минг тарбияси оғир ёшларни касб ва тил тўгараклари, спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларига жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Тасодифий хабарлар
Мактабларда баҳорги таътил 20 мартдан бошланади
Отабек Умаров Қирғизистон президенти томонидан тақдирланди
Мирзиёев Путин билан қўнғироқлашди
Эртага ҳаво ҳарорати бироз ўзгаради
Ўзбекистон телеканалларида дорилар рекламалари ва таниқли шахсларнинг уларни реклама қилиши тақиқланади