Олий суд Фарҳод Манноповни операция қилган шифокор нега оқланганини изоҳлади

Олий суд Фарҳод Манноповни операция қилган шифокор нега оқланганини изоҳлади

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг қарори билан марҳум блогер Фарҳод Манноповни операция қилган ЛОР шифокор (“Star Med Centr” хусусий клиникаси оториноларингологи А.Х.) оқланганди. Мазкур ҳолат юзасидан Олий суд расмий баёнот берди. 

Маълумки, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2024 йил 29 ноябрь кунидаги ҳукмига кўра, А.Х. Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил давомида тиббиёт соҳасида оториноларинголог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди.

Билдирилишича, А.Х. ва унинг ҳимоячилари томонидан берилган шикоятга асосан мазкур жиноят ишини апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш жараёнида ишда тўпланган далиллар таҳлил қилинганда ҳукмда баён қилинган ҳақиқий ҳолатларига тўғри келмаслиги, А.Х.ни айблаш учун ишончли объектив далиллар мавжуд эмаслиги аниқланган.

“Хусусан, Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида, шахснинг ўз касбига нисбатан бепарволиги ёки инсофсизлик билан муносабатда бўлиши туфайли касб юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлиши учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлсада, А.Х.нинг нафақат касби юзасидан ўз вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, балки айнан унинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида блогер Фарҳод Маннопов ўлишига сабаб бўлганлиги ҳолати ҳам аниқланмаган.
Жумладан, иш бўйича аниқланган ҳолатга кўра марҳум Фарҳод Манноповга нисбатан хусусий клиникада стандартларга мос равишда шифокорлар кўриги, инструментал текширувлар ўтказилганлиги аниқланган”, дейилади Олий суд баёнотида. 

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган экспертиза хулосалари, отоларингология ихтисослиги бўйича ёзма равишда тақдим қилинган ва сўроқ қилинган кўплаб мутахассислар, шу жумладан олий тоифали шифокорларнинг фикрига кўра бемор Фарҳод Манноповда “бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бош мия лат ейиши, калла ичи гематомалари” аниқланмаган, яъни бемор Фарҳод Манноповда кузатилган ўлим ҳолати ўтказилган риносептопластика жарроҳлик амалиёти сабаб бўла олмаслиги ва унга ўтказилган диагностика ва даволаш муолажалари тўғри ўтказилгани кўрсатилган.

“Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган иккита хизмат текшируви далолатномаларига кўра А.Х.нинг бемор Фарҳод Манноповга нисбатан бурун соҳасини даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш жараёнида ўлимига олиб келишига сабаб бўладиган хатоликларга йўл қўйган ҳолатлари аниқланмаган.
Юқоридаги хизмат текширувларига жалб қилинган эксперт-мутахассислар тергов жараёнида сўроқ қилинганда ҳам ўз хулосаларини тасдиқлаб, асослантириб берган бўлишига қарамасдан, тергов органи ва биринчи инстанция суди томонидан асоссиз равишда инобатга олинмаган”, дейилади баёнотда. 

Шу тариқа Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 22 июлдаги оқлов ҳукмига кўра жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг А. Хисамовга оид қисми бекор қилиниб, А.Х. эълон қилинган айблов бўйича Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят юзасидан қилмишида жиноят аломатлари бўлмаганлиги ҳамда Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (реабилитация учун асослар) асосан айбсиз деб топилиб, оқланган.

“Эндиликда мазкур ҳукмдан норози тарафлар Жиноят–процессуал кодексининг 510-моддаси (тафтиш тартибида қайта кўрилиши мумкин бўлган суд ҳукмлари, ажримлари) талабларига мувофиқ Тошкент шаҳар судига тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, дейилади баёнотда.

Маннопов иши

2023 йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star Med Center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Ўшанда Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.

Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд 15 май куни бошланган эди.

Кейинчалик ижтимоий тармоқларда клиниканинг бир нечта санъаткорлар томонидан реклама қилиниш ҳолатлари кузатилди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad Plus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” клиникасига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза киритилганини маълум қилганди.

2023 йилнинг 2 июнида Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad Plus” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 27390032-сонли лицензияси бекор қилиниши белгиланди.

Шундан сўнг “Star Med” клиникаси суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди. 2023 йил 13 июль куни Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида мазкур масала кўриб чиқилди ва судлов ҳайъати томонидан жавобгарнинг илтимосномаси қаноатлантирилди.

2024 йил 29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида А.Х. (“Star Med Center” хусусий клиникаси отоларингологи) ва Ж.Қ. (“Star Med Center” хусусий клиникасида анестезиолог-реаниматолог вазифасида ишлаган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукмига кўра, А.Х. ва Ж.Қ. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Ж.Қ.га Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.


×