Бугун, 1 июль куни Таиланд Конституциявий суди мамлакат Бош вазири Пхетхонгтхан Чинаватни Камбоджа Сенати раиси ва собиқ бош вазири Ҳун Сен билан бўлган телефон суҳбати маълумотларининг сизиб чиқиши билан боғлиқ жанжал ортидан вақтинча лавозимидан четлатди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Пхетхонгтхан Чинават ва Камбоджа Сенати раиси Ҳун Сен ўртасидаги 15 июнь куни бўлиб ўтган телефон суҳбати давомида Пхетхонгтхан Таиланд армиясининг таъсирли шахсларидан бири – 2-ҳарбий округ қўмондони ҳақида танқидий фикр билдирган. Айнан ушбу баёнот жамоатчилик ва сиёсий доираларда кучли норозиликка сабаб бўлди.
Гап шундаки, жорий йилнинг май ойида Камбоджа билан чегарадаги қуролли тўқнашувда бир камбоджалик аскар ҳалок бўлгач, бу масала икки давлат ўртасида кескин тортишувларга сабаб бўлган. Пхетхонгтхан ушбу муаммони юмшатишга ҳаракат қилганини айтган, аммо унинг телефон орқали Таиланд ҳарбийларини, айниқса жанговар ҳаракатлар тарафдори сифатида кўрилаётган қўмондонни танқид қилиши муҳим “қизил чизиқ”ни босиб ўтиш сифатида кўрилди.
“Мен фақат қандай қилиб муаммо чиқмаслигига, қандай қилиб қуролли тўқнашувдан сақланишга ва аскарлар қурбон бўлмаслигига эришишни ўйладим. Агар мен бошқа етакчи билан шундай гаплашиб, бу салбий оқибатларга олиб келса, буни ҳеч қачон кечира олмайман”, дея изоҳлаган у ўз суҳбатини.
Пхетхонгтхан кейинчалик бу сўзларни “музокара тактикасининг бир қисми” сифатида ҳам тушунтирган ва узр сўраган, бироқ бу етарли бўлмади. Бангкок марказида минглаб консерватив ва миллатчи норозилар унинг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказди.
Шундан сўнг 36 нафар сенатор бош вазирни этика нормаларини бузганликда айблаб судга мурожаат қилган. Суд Пхетхонгтханга нисбатан якуний қарор чиқарилгунига қадар уни бош вазирлик вазифаларини бажаришдан вақтинча четлатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
“Судьялар Пхетхонгтханнинг бош вазирлик ваколатларини вақтинча тўхтатишга овоз берди. Энди унинг устидан якуний қарор қабул қилинмагунча бу лавозимда ишлай олмайди. Бироқ у янги ҳукумат таркибида маданият вазири сифатида фаолият юритишда давом этиши мумкин”, деб ёзди Thai Enquirer нашри.
Тасодифий хабарлар
Меҳнат мигрантлари учун муҳим хабар! Москвада патент нархи ошади
Тошкентда ОИВга чалинганини билиб туриб, 16 ёшли қиз билан жинсий алоқада бўлган мактаб ўқувчисига жиноий иш очилди
ФВВ қишки мавсумдаги энг катта хавфдан огоҳлантирди
Одил Аҳмедов Ўзбекистонга зарур тиббий воситалар юборди
“Чексиз узр сўраймиз”. “UzAuto Motors” Captiva 5 автомобилларини етказиб беришни тўхтатди.