Исроилнинг Эрон билан давом этаётган қуролли можародаги ҳарбий харажатлари кунига юзлаб миллион долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда ўз таҳлилчиларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бир ойда Исроилга 12 миллиард долларга тушиши мумкин. Фақат ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситаларидан фойдаланишнинг ўзига кунига 200 миллион долларгача маблағ сарфланмоқда. Эрон зарбаларидан кейинги инфратузилма ва уй-жойларни тиклаш ишлари эса камида 400 миллион долларга тушади.
Бу даражадаги молиявий юк Исроилнинг узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Исроилдаги Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти эксперти Егошуа Калинскийнинг айтишича, “David’s Sling” деб номланувчи ҳаво мудофаа тизимини фаоллаштириш ҳар бир ҳолатда 700 миллион долларга тушади. Шунингдек, “Strela-3” тизими орқали битта ракетани йўқ қилиш учун 4 миллион доллар сарфланади. Замонавий F-35 қирувчи самолётининг бир соатлик парвози 10 минг долларни ташкил қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай улкан харажатлар билан Исроил ҳукумати можарони имкон қадар тезроқ якунлашга ҳаракат қиляпти.
Исроил-Эрон уруши
Жорий йилнинг 13 июнь куни Исроил форс давлатининг турли шаҳарларида ядровий иншоотларга ва Эрон олий ҳарбий раҳбариятининг жойлашувига кенг кўламли зарбалар беришни бошлади. Ҳужумларда Эрон бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони, бир қанча юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ва тўққиз нафар эронлик ядро олими ҳалок бўлган. Эронда 13 июнь кунидан бери камида 585 киши ҳалок бўлди, 1300 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Эрон бунга жавобан Исроилга баллистик ракета ҳужуми уюштирди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонга қурол-яроқ ва ўқ дориларни яширинча олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олинди
Пандора ҳисоботи: Гулнора Каримова миллионларни қандай қўлга киритгани фош қилинди
Эдвард Сноуден Telegram’ни «хавфли» деб атади ҳамда ундан фойдаланмасликни тавсия қилди
Наманган шаҳрида сайёр қабул ўтказилди
Андижондаги фожиа сабаб ИИБнинг 5 ходими ишдан бўшатилди, 3 нафари қамалди, 19 нафари жазоланди