Ўзбекистонда жорий йилнинг июнь ойининг шу даврига қадар 1 605,4 гектар ер майдони ёқиб юборилган. Бу ҳақда сунъий йўлдошлар орқали ўтказилган космик мониторингга таяниб, Uzcosmos агентлиги хабар берди.
Жорий йилги кузатишларнинг дастлабки таҳлилларига кўра, мамлакат миқёсида 1 605,4 гектар майдон ёқилиши билан боғлиқ 213 та ҳолат аниқланган. Ҳолатлар вилоятлар кесимида қуйидагича:
- Сурхондарё вилоятида 180 та (1 324,8 гектар),
- Сирдарё вилоятида 17 та (135,2 гектар),
- Тошкент вилоятида 3 та (58,2 гектар),
- Андижон вилоятида 3 та (18,5 га),
- Фарғона вилоятида 4 та (20,4 га),
- Жиззах вилоятида 2 та (21,3 га)
- Бухоро вилоятида 4 та (27,0 гектар).
Мазкур вазиятлар бўйича тезкор ахборотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Экология, атроф – муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга юборилган.
Маълумот учун, бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларни тез ва арзон йўл билан йўқ қилиб юборишга бўлган ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача (3 млн 750 минг сўм) жарималар қўлланилишига сабаб бўлади. Зарар миқдори катта бўлган тақдирда ҳаттоки жиноий жавобгарликкача олиб бориши мумкин.
Қайд этиш жоиз, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди гази атмосферага тарқалади. Бу тоза ҳавонинг ифлосланиши билан бирга инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши билан хавфлидир.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда апрелдан ҳаво совийди
Oта ўғлини темир бўлаги билан уриб, ўлдириб қўйди
Ашраф Ғани Афғонистондан қочиб кетиш сабабини очиқлади
Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари қандай ўзгарди?
6 ёшли ўгай ўғлини камар билан урган шахс руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди