Хоманаийнинг ўлдирилиши Эрон билан зиддиятга барҳам беради – Нетаньяху

Хоманаийнинг ўлдирилиши Эрон билан зиддиятга барҳам беради – Нетаньяху

Агар Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилса, бу Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятни кучайтирмайди, балки “бу можарога барҳам беради”. Бундай фикрни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху кеча, 16 июнь куни Американинг ABC News телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бизда бу режим томонидан ёйилган ярим асрлик можаро бор, у Яқин Шарқдаги ҳаммани даҳшатга солади. У Саудия Арабистонидаги Арамcо нефть конларини бомбардимон қилди, ҳамма жойда террор, қўпорувчилик ва саботажни тарқатди. Эрон “абадий уруш” истайди, бу бизни ядро уруши ёқасига олиб келади. Аслида, Исроил бунинг олдини олади, бу тажовузга чек қўяди ва биз буни фақат ёвуз кучларга қарши туриш орқали қила оламиз”, деган Нетаньяху.

Журналистнинг Исроил ҳақиқатан ҳам Хоманаийни нишонга оладими ёки йўқми деган саволига Нетаньяху унинг мамлакати “қилиши керак бўлган ишни қиляпти”, деб жавоб берди.

Аввалроқ “Reuters” агентлиги америкалик расмийларга таяниб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Хоманаийни йўқ қилиш режасига “вето қўйгани” ҳақида хабар берган эди. Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Эрон Америка фуқароларига тўғридан тўғри ҳужум қилмагунча, Вашингтон бундай чораларни маъқуллашга тайёр эмас.

Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Цачи Ханегби хабарни “фейклар мамлакатидан олинган фейк” деб атади. Ўз навбатида, “The Wall Street Journal” исроиллик мулозимга таяниб, Хоманаийнинг Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти чоғидаги “Кўтарилган шер” ҳужумларидан “иммунитети йўқлигини” ёзди.

“Iran International” манбаларига таяниб хабар беришича, Хоманаий Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бир неча соат ўтиб Теҳрон шимоли-шарқидаги ер ости бункерига паноҳ топган. Бу манбаларга кўра, Эрон олий раҳбари билан бирга унинг оила аъзолари ҳам бошпанада. Нашрнинг қайд этишича, Исроилга қарши олдинги амалиётлар чоғида – 2024 йилнинг апрель ва октябрь ойларида ҳам – Хоманаий ушбу бункердан паноҳ топган.

Манбалардан бирига кўра, Исроил 15 июнь куни яҳудий давлатидан 2,3 минг км узоқликда жойлашган Машҳад аэропортига Хоманаий ўзини ҳеч қаерда хавфсиз ҳис қила олмаслигини кўрсатиш учун зарба берган.

Бунгача Эрон халқаро манбалари Олий раҳбар идораси раҳбари ўринбосари Али Асғар Ҳижозий Россия ҳукумати вакиллари билан вазият янада ёмонлашса, мамлакатни тарк этиш имконияти ҳақида яширинча музокаралар олиб бораётганини даъво қилган эди. Нашр манбаларига кўра, Эроннинг бошқа юқори мартабали расмийлари ҳам шундай келишувларга эга.

“Кўтарилган шер” операцияси ва Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари

13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрондаги нишонларга, жумладан Теҳрондаги объектлар ва ядро марказларига кучли зарбалар бера бошлади. Бу зарбалар кейинги уч кун давомида давом этди. Оқибатда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий ва бошқа бир қатор юқори мартабали генераллар, шунингдек, ядрошунос олимлар ҳалок бўлди.

15 июнь куни Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг зарбалари оқибатида 224 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Теҳрон Исроилнинг зарбаларини “уруш эълони” деб ҳисоблади ва Исроилга юзлаб учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталарни учирди. Улардан баъзилари Тель-Авив ва унинг атрофидаги нишонларга етиб борган ва қурбонлар бўлган. Хусусан, 15-июнга ўтар кечаси Эроннинг Тель-Авивнинг жанубий чеккасидаги Бат-Ям шаҳрига берган зарбаси оқибатида етти киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.


Теглар:
×