Япониянинг Нара тиббиёт университети профессори Ҳироми Сакаи бошчилигидаги олимлар гуруҳи янги турдаги, исталган гуруҳдаги беморларга қуйилиши мумкин бўлган сунъий қон ишлаб чиқди. Бу ҳақда “Tokyo Weekender” хабар берди.
Маълум қилинишича, сунъий қон ишлаб чиқариш учун донорлик муддати ўтган қондан темир сақловчи, кислород ташувчи оқсил – гемоглобин ажратиб олинади. Сўнгра у ҳимоя қобиғи ичига жойлаштирилиб, барқарор, вирусдан холи сунъий эритроцитлар (қизил қон таначалари) яратилади. Бу сунъий ҳужайралар ҳеч қандай қон гуруҳига эга бўлмагани сабабли, мосликни текшириш зарурати йўқ.
Қайд этилишича, ушбу сунъий қон хона ҳароратида 2 йилгача, совиткичда эса 5 йилгача сақланиши мумкин. Бу эса донор қони билан солиштирганда анча яхши кўрсаткич, чунки донор эритроцитлари музлаткичда атиги 42 кунгача сақланиши мумкин.
Сунъий қоннинг кичик миқёсдаги синовлари 2022 йилда бошланган. 20 дан 50 ёшгача бўлган соғлом эркаклардан иборат 3 та гуруҳга 100 миллилитргача сунъий қон томир ичига юборилган. Баъзи иштирокчиларда енгил ножўя таъсирлар кузатилган, бироқ ҳаётий белгилар, жумладан, қон босимида жиддий ўзгаришлар бўлмаган. Ушбу муваффақиятга таяниб, ўтган йилнинг июль ойида Сакаи жамоаси тадқиқотларни тезлаштиришини эълон қилган. Март ойида эса кўнгиллиларга 100 дан 400 миллилитргача сунъий қон эритмаси юборила бошланган.
Агар ҳеч қандай салбий таъсир аниқланмаса, кейинги босқичда ушбу даволаш усулининг самарадорлиги ва хавфсизлиги ўрганилади. Сунъий эритроцитларни амалиётга 2030 йилгача жорий этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Токио марказидаги Чуо университетининг Физика ва муҳандислик факультети профессори Теруюки Коматсу ҳам қон босимини барқарорлаштириш, қон кетиши ва инсульт каби ҳолатларни даволаш учун альбуминли гемоглобин асосида сунъий кислород ташувчилар устида ишламоқда. Ҳозирча ҳайвонлар устида олиб борилган синовлар ижобий натижа берган, эндиликда эса олимлар инсонлар устида синовларни бошлашга тайёрланмоқда.
Маълумот учун, соғлиқни сақлашнинг муҳим таркибий қисми бўлган қон қуйиш амалиёти ҳар куни бутун дунё бўйлаб кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин. Аммо паст ва ўрта даромадли мамлакатларда етарли қон захирасини сақлаб туриш осон иш эмас. О – резус манфий қон гуруҳи (универсал донор тури) учун талаб одатда юқори бўлади, шу билан бирга донор қонининг яроқлилик муддати ҳам чекланган. Шунинг учун ҳам, сунъий қон амалиёти бутунлай тадбиқ этилса, кўплаб муаммолар бартараф этилиши мумкин.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда 7 килограммлик чақалоқ туғилди
Шавкат Мирзиёев бўрондан зарар кўрган Бухорога жўнаб кетди
Россиядан Тошкентга жўнатилган 7 цистерна бензин ўғирлаб кетилди
«Ўзгидромет» огоҳлантириш эълон қилди
Италиянинг Сардиния оролида уйлар 1 евродан сотилмоқда, лекин...