Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 31 май куни Lixian L9 автомашинаси тез ёрдам машинасига йўл бермагани акс этган видео тарқалди. Ушбу видеода Lixian L9 машинаси ҳайдовчиси тез ёрдамнинг бир неча бор огоҳлантириш берганига қарамай, унга йўл бермаганини кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти ўрганиш олиб бориб, муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат жорий йилнинг 29 май куни содир бўлган. Унда ҳайдовчи эътиборсизлиги оқибатида ортидан келаётган тез ёрдам машинасини пайқамаган ва унга йўл бермаган. Мазкур ҳолат бўйича ЙПХ ходимлари томонидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодекснинг 128-моддаси (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан, яшил майдонлардан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) 5-банди билан баённома расмийлаштирилган. Бу қоидабузарлик учун қонунчиликда 1 млн 875 минг сўм жарима белгиланган. Ушбу билдиришдан сўнг, ижтимоий тармоқ фаоллари белгиланган жазони жуда кичик, деб баҳолаб, норозилик билдира бошлаган.
Масалан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳолатни “ўта кулгули” дея ёзган.
“Жарима миқдори – 1 млн 875 минг сўм. Агар 15 кун ичида тўласа, 50 фоиз чегирма ҳам берамиз, натижада 937 минг сўм тўлайди, холос. Бу ўта кулгили! Бир ёки бир неча инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган бунақа қўпол қоидабузарлик учун бунақа енгил жазо бериш шармандалик. Шармандаликнинг яна бир томони шундаки, рухсатсиз тонировка қилган ҳайдовчига дастлаб 9 млн 375 минг сўм, агар яна такрорланса, 15 млн сўм жарима белгилаганмиз. Нима учунлигини биласизми? Чунки тонировкадан тушадиган пулнинг асосий қисми Ички ишлар вазирлигига тушади. Махсус транспорт воситаларига йўл бермаганларга эса такрорийлик учун оғирроқ жазо ҳам йўқ. Яъни ҳар куни шу ишни қайта-қайта қилаверсангиз ҳам, бир хил 900 минг сўм жарима тўлаб, қутулиб кетаверасиз. Арзимаган 900 минг сўмни тўлаб қутулиб кетадиган “крутойваччалар” ҳеч қачон хатосидан ўзига тегишли хулоса чиқармайди”, дея ёзган у ўзининг Telegram-каналида.
Бундан ташқари, Худойбердиев ваколатли масъулларга мурожаат йўллаб, жазо тизимини инсонпарварлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.
“Махсус хизмат машиналарига, жумладан, тез тиббий ёрдам ёки ўт ўчирувчиларга йўл бермаган ҳайдовчиларга ўта қаттиқ жазо қўллашимиз керак. Бу камида инсон(лар) ҳаётига суиқасд деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши шарт”, дея ёзган Худойбердиев.
Ижтимоий тармоқларда ҳатто тез ёрдамга йўл бермаганларнинг машинасини мусодара қилиш зарурлигини ёзганлар ҳам бўлди. Улар ҳам бу каби ҳаракатларни “бир инсон ҳаётини инобатга олмаслик”, дея баҳолаган.
Тасодифий хабарлар
Алишер Усмонов Ирина Винер билан нега ёпиқ тарзда ажрашди
Алишер Усмоновнинг бойлиги 1,26 млрд долларга ортди
Яна номаълум ҳайвон суяклари топилди
Россия 10 кун ичида қанча қурбон бергани очиқланди
Андижонда аёл киши интим видеоси сабаб таҳдидга учради