Ўзбекистоннинг қарзи келгуси йилда 45 млрд доллардан ошиши мумкин

Ўзбекистоннинг қарзи келгуси йилда 45 млрд доллардан ошиши мумкин

Ўзбекистон давлат қарзи 2025 йил якунида 45,1 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Фуқаролар учун бюджет” ҳисоботида келтирилган.

Қайд этилича, жорий йилда янгиланган ҳисоб–китобларга кўра, давлат қарзи 39,7 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

“2025 йилга келиб, давлат қарзи 45,1 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,7 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда”, дейилади вазирлик ахборотида.

Маълум қилинишича, 2024 йил якунида давлат ташқи қарзини жалб қилиш бўйича янгидан имзоланадиган шартномалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этади. Шундан 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларига, 2,5 миллиард доллари бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

2025 йилда эса қарийб 5,5 миллиард долларлик давлат ташқи қарзини жалб қилиш режалаштирилган. Мазкур кредит маблағларининг 2,5 миллиард доллари инвестиция лойиҳаларига, 3 миллиард доллари эса бюджетни қўллаб-қувватлаш учун сарфланиши кутилмоқда.

Давлат қарзи бўйича прогнозлар

2024 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 37 миллиард долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоизни ташкил қилган. Шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард долларга (ЯИМнинг 27,7 фоизига тенг), давлат ички қарзи 6,1 миллиард долларга (ЯИМга нисбатан 5,5 фоиз) етган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий йил 1 июль ҳолатига давлат қарзи маблағлари қуйидаги тармоқларга сарфланганини маълум қилган:

  • давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш дастурларига – 13 миллиард доллар;

  • энергетика лойиҳаларига – 5,7 миллиард доллар;

  • қишлоқ ва сув хўжалиги лойиҳаларига – 2,8 миллиард доллар;

  • транспорт лойиҳаларига – 2,7 миллиард доллар;

  • уй-жой коммунал хўжалиги лойиҳаларига – 2,7 миллиард доллар;

  • соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот ва коммуникация технологиялари лойиҳаларига – 2,3 миллиард доллар;

  • бошқа соҳаларга – 1,7 миллиард доллар.

Халқаро валюта жамғармаси ўз ҳисоботида Ўзбекистон давлат қарзи ва мамлакатнинг умумий ташқи қарзи билан боғлиқ хатарларни паст даражада баҳолаган.

Охирги 5 йилда республикада давлат қарзи миқдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 30 фоиздан юқори даражада шаклланиб келмоқда. Прогнозларга қаралса, бу тенденция давомли бўлиши кутилмоқда. Жумладан, 2024 йил якунида давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35,5 фоиз, 2025-2027 йилларда 36,7–37 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинган. Бюджет қонунида давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан оширилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.


Теглар:
×