Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 27,5 млрд доллардан ошди

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 27,5 млрд доллардан ошди

Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил бошидан 12,7 фоизга ёки 3,1 миллиард долларга ошган ҳолда 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, 27,6 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар қилди.

Маълум қилинишича, умумий ташқи қарз резидентларнинг норезидентлар олдидаги асосий қарз ва фоизларни тўлаш талаб қилинадиган мажбуриятларини акс эттиради. Умумий ташқи қарз давлат ва хусусий сектор қарзларидан иборат. Умумий ташқи қарздаги ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2013–2017 йиллар давомида ҳар иккала секторда ҳам қарздорликнинг ўсиши кузатилган.

Бироқ 2018 йилда хусусий сектор ташқи қарзи камайиши кузатилди, бу эса ўз навбатида нефть-газ ва энергетика сектори корхоналари томонидан жалб қилинган қарздорлик муддатининг тугаши билан изоҳланади. 2019 йилдан бошлаб хусусий сектор ташқи қарзи асосан тижорат банклари томонидан қарз олишнинг кўпайиши ҳисобига яна ўсишни бошлади.

Ташқи қарзнинг ўсиш динамикаси

Скриншот: Марказий банк

«2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи ўсиш тенденциясини сақлаб қолди. Ушбу жараён COVID-19 вирусининг тарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин», – дея таъкидлаб ўтган Марказий банк.

2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат сектори қарздорлигининг ўсиши 1,7 миллиард долларни ташкил қилди. Глобал пандемия ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг суверен облигациялари қиймати фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши натижасида 2020 йилнинг бошига нисбатан камайди.

Ташқи қарз таркиби

Скриншот: Марказий банк

Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 миллиард долларга ошди.

2020 йилнинг I ярим йиллигида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,1 миллиард доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 1,8 миллиард доллар, текстиль ва тўқимачилик сектори корхоналари – 71 миллион доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 154 миллион доллар томонидан амалга оширилди.

×