Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган йигит ва қизларни унаштириш маросимларини ўтказиш тақиқланиши мумкин.
Бу борада Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси билан Оила Кодексининг никоҳ ёши тўғрисидаги 15-моддаси қуйидаги қоидалар билан ўзгартирилмоқда ва тўлдирилмоқда:
- Никоҳга кирувчилар аризасига кўра ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация) никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
- 18 ёшга тўлмаган йигит ва қизларни унаштириш маросимларини ўтказиш тақиқланади.
Шунингдек, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқлаш мақсадида Оила кодексининг 16-моддаси, яъни никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар қаторига иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги қариндош шахслар (ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари) ўртасидаги никоҳлар ҳам киритилмоқда.
Кодекснинг никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга доир 17-моддаси эса «тиббий кўрикдан ўтиш тартибини бузган шахс қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши» ҳақидаги норма билан тўлдириляпти.
Қолаверса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддасига никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларида белгиланган жарима миқдоридини кўтариш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, «никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, – БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш эса БҲМнинг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, – БҲМнинг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қонунда ўрнатилган никоҳ тузиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган тартиб ва шартларни бузиш, – БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Тасодифий хабарлар
ДХХнинг собиқ биноси сотувга қўйилди
Аёл ўзига тегишли «Mercedes»ни Тошкент ҳокимлигига совға қилди
Тошкентда ЙПХ ва ППХ ходимларига қаршилик кўрсатган фуқаролар бўйича расмий маълумот берилди
Тўрақўрғон туманида илк коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди
Ҳар бир болага — меҳр, эътибор керак