“Бахти Ташкентский”га яна бир айблов қўйилди

“Бахти Ташкентский”га яна бир айблов қўйилди

Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида давом этаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган Бахтиёр Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”)га Жиноят кодексининг яна бир банди билан қўшимча айблов қўйилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси хабар берди.

Маълумки, Бахтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланмоқда.

Манбага кўра, бугунги кунда Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” бандига қўшимча равишда, ушбу модданинг “в” банди – уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир этганликда ҳам айбланмоқда. 

Шунингдек, 15 суткага қамалган “Бахти Ташкентский” жазони ўтаб бўлган. У тергов ҳаракатлари давомида қамоқда сақланиши учун прокурор томонидан санкция қўлланилган. 

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Қудратуллаев жорий йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги уйидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилганди. У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.

Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

Шундан сўнг унинг адвокати судга қарор бўйича апелляция шикояти берган. Аммо шу йилнинг 9 декабрь куни суд томонидан апелляция шикояти кўриб чиқилиб, рад этилган.


Теглар:
×