ҲАМАС ҳужумининг сирларидан бири очилди

ҲАМАС ҳужумининг сирларидан бири очилди

Исроилга ҳужум қилишни режалаштирган ҲАМАС жангарилари икки йил давомида смартфон ва компьютерлардан фойдаланмай, стационар (симли)телефонлар орқали мулоқот қилган. Исроил армияси «Ғазо метроси» деб атайдиган туннелларга телефон линиялари тортилган.

Исроилга ҳужумга тайёргарлик кўрган ҲАМАС ҳаракати жангарилари ўз режаларини Исроил разведкасидан яшириш учун икки йил давомида симли стационар телефонлар орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда CNN. АҚШ разведкасидан хабардор телеканал манбаларига кўра, телефон линиялари Ғазо сектори остидаги туннеллар ичидан ўтказилган.

Суҳбатдошларга кўра, ҲАМАС аъзолари бу вақт давомида алоқа учун компьютер ёки мобил телефонлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилган, операцияга тайёргарлик кўришда улар «эски услубдаги контрразведка чораларига» мурожаат қилишган.

Ғазо сектори маҳаллалари ва уйлари остидаги туннеллар ҲАМАС учун бошпана ва омбор бўлиб хизмат қилади ва уларнинг умумий узунлиги 500 км деб баҳоланади. Исроил ҳарбийлари бу ер ости лабиринтини «Ғазо метроси» деб атайди. Туннелларда ракеталар ва ўқ-дорилар сақланади ва Исроил армияси бу ерда ҲАМАСнинг муҳим қўмондонлик пунктлари жойлашган деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, Исроилдаги уруш 7 октябрдан бери давом этмоқда. ҲАМАС ҳаракати кутилмаганда Исроилни ўққа тутган ва жангарилар мамлакат жанубий ҳудудларига бостириб киради. Шундан буён Исроил армияси Ғазо секторини аёвсиз бомбардимон қилмоқда.

Исроил расмийлари Ғазо секторида қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўрилаётганини бир неча бор таъкидлаган. 19 октябр куни мамлакат мудофаа вазири бундай буйруқ тез орада эълон қилинишини айтганди. Бироқ Bloomberg нашри АҚШ ва Европа Иттифоқи гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҲАМАС билан музокараларга вақт ютиш мақсадида ҳарбий операция бошланишини кечиктириш учун Исроилга босим ўтказаётганини ёзганди.


×