Путин “Вагнер” командирлари ва Пригожин билан учрашуви тафсилотларини айтиб берди

Путин “Вагнер” командирлари ва Пригожин билан учрашуви тафсилотларини айтиб берди

Россия президенти Владимир Путин 29 июнь куни “Вагнер” билан учрашувда компания командирларига “иш билан таъминлашнинг бир қанча вариантларини” таклиф қилганини айтди. Бу ҳақда у “Коммерсант” мухбири Андрей Колесниковга берган интервьюсида маълум қилди.

“Улар билан учрашувда бир томондан жанг майдонида қилган ишларига баҳо бердим, иккинчи томондан, 24 июнь воқеалари чоғидаги қилмишларига. Учинчидан, буёғига хизмат кўрсатиши мумкин бўлган вариантларини кўрсатдим, шу жумладан, жанговар ҳаракатларда. Ҳаммаси шу”, — деди Россия президенти.

Унинг тушунтиришича, “Вагнер” командирларига “барчаси бир жойда тўпланиб, хизматни давом эттириш” таклиф қилинган ва “улар учун ҳеч нарса ўзгармаслиги” айтилган.

“Буларни айтганимда кўпчилик бош ирғади. Олд қаторда ўтирган ва буни кўрмаган Пригожин эса ‘Йўқ, йигитлар бундай қарорга рози эмас’ деб айтди”, — деди Россия президенти.

Колесников Путиндан “Вагнер” жанговар бўлинма сифатида сақланиб қоладими, деб сўради. Бунга жавобан Россия президенти “Вагнер” мавжуд эмаслиги, чунки Россияда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисида қонун йўқлигини айтди.

“Бизда хусусий ҳарбий ташкилотлар тўғрисида қонун йўқ! Шунчаки мавжуд эмас! Гуруҳ бор, лекин юридик жиҳатдан у мавжуд эмас! Бу ҳақиқий қонунийлаштириш билан боғлиқ алоҳида масала. Аммо бу оддий эмас, Давлат Думасида, ҳукуматда муҳокама қилиниши керак бўлган масала”, — деб қўшимча қилди Путин.

Исёндан кейин Евгений Пригожин ва “Вагнер” командирлари Путин билан учрашгани ҳақида Франциянинг Liberation газетаси хабар берганди. Кейинчалик бу маълумотни президент матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади. Француз нашрининг ёзишича, учрашувда Россия гвардияси раҳбари Виктор Золотов ва Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ҳам иштирок этган.

Путиннинг Пригожин ва “Вагнер” билан учрашуви куни — 29 июнда Песков журналистларга “Вагнер” асосчиси қаердалигини билмаслигини айтганди.


×