«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензин нархи ошганини рад этди

«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензин нархи ошганини рад этди

«Ўзбекнефтгаз» АИ-80 бензини нархи оширилмагани ва унинг 1 литри 6800 сўмлигича сақланиб қолаётганини маълум қилди. Шунингдек, компания республика НҚИЗларида суткасига 4000 тоннадан бензин ишлаб чиқарилаётгани ва автомобиллар учун бу турдаги ёқилғи захираси етарли эканини қайд этди.


Ижтимоий тармоқларда «АИ-80 русумли бензин йўқ деб қиммат бензинларни сотишаётган экан» мазмунидаги тарқалган хабарлар юзасидан «Ўзбекнефтгаз» расмий маълумот берди.

«Ҳозирги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларида АИ-80 русумли автобензиннинг нархи оширилмаган ва унинг 1 литри 6 800 сўмлигича сақланиб қолмоқда. Шунингдек, АИ-92 маркали автобензин 9500 сўмдан ва АИ-95 маркали автобензин 10 500 сўмдан сотилмоқда, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, бугунги кунда республика нефтни қайта ишлаш заводларида суткасига 4 000 тоннадан автобензин ишлаб чиқарилиб, биржа савдолари орқали истеъмолчилар эҳтиёжлари учун йўналтирилмоқда. Бундан ташқари автобензин захираси етарли эканлигини маълум қиламиз, дея қайд этилади.


Шу билан бирга, хусусий тадбиркорлар томонидан қўшимча автобензин импорти амалга оширилиб келинмоқда. Жорий йил бошидан бир ойда ўртача 10 минг тонна автобензин импорт қилинмоқда.

Бундан ташқари, хом-ашё импорти ҳажмларини ошириш ҳисобига автобензин ишлаб чиқариш ва биржа савдоларига қўйиб борилаётган автобензин ҳажмларини ошириш чоралари кўрилмоқда, деб маълум қилинди хабарида.

Маълумот учун, 2 декабрь ҳолатига кўра, биржа платформасида АИ-80 бензин нархи 7,8 млн сўмни ташкил этди.

×