Қўқонда 14 ёшли ўсмир тенгдошларининг калтаклаши оқибатида вафот этди

Қўқонда 14 ёшли ўсмир тенгдошларининг калтаклаши оқибатида вафот этди

16 октябрь куни Фарғонадаги бозорда ўғрилик қилмоқчи бўлган 14 ёшли ўсмир қўлга олиниб, Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Эртаси куни у шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этди. Ўсмирни марказдаги тенгдошлари калтаклагани айтилмоқда.


Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги ИИБ биносидан 14 ёшли ўсмир мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, Учкўприк тумани Султон МФЙда яшаган 2007 йилда туғилган Р.А. 16 октябрь куни Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган «Ансор» савдо мажмуасида ўғрилик қилмоқчи бўлган. ИИБ ходимлари уни қўлга олганидан сўнг, Қўқон шаҳридаги вилоят ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирган.

«17 октябрь кун вояга етмаган Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетганлиги сабабли шаҳар тез-тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, унга ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган», — дейилади хабарда.


Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

YouTube`даги канал муаллифи Олимжон Хайдаров 19 ноябрь куни 15 ёшга тўладиган ўсмир савдо дўконларининг бирида 16700 сўмлик маҳсулот харид қилиб, пулини тўламай чиқиб кетганини айтди. Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг бола Қўқон шаҳар ИИБнинг узоқ вақтдан бери жиноят содир этиб келган бир неча ўсмирлар ҳам бўлган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Қайд этилишича, бир гуруҳ ўсмирлар уни калтаклаган ва мазаҳ қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

×