Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган сафар давомида Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Покистонда бир қанча муҳим келишувларга эришган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.
Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институти ва Покистоннинг Миллий енгил саноат университети ўртасида меморандум имзоланди. Битимга мувофиқ, Наманган шаҳрида текстиль маҳсулотларини сертификатлаш лабораторияси ташкил этилади. Икки ОТМ ўртасида қўшма ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. Йил охирига қадар Наманганга университет профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари делегацияси келиши кўзда тутилмоқда.

«Travel Inn Hotel» компанияси томонидан Наманганда 100 ўринли меҳмонхона қуриш таклифи билдирилди. Бунинг учун компания раҳбарияти Ўзбекистонга келиб, мавжуд шарт-шароитларни ўрганади.
«Marhaba Laboratories LTD» компанияси Ўзбекистонда табиий ўсимликлардан ишлаб чиқарилган дори воситаларини Покистонга экспорт қилиш масаласига қизиқиш билдирди. Компания Наманганда шу йўналишда ўз ишлаб чиқаришини ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Учрашувлар давомида мезбонларга Наманган шаҳрининг салоҳияти, туризм ва текстиль соҳасидаги имкониятлари таништирилди. «Истиқлол текстиль дизайн» («Идеал» бренди) , «Самира Амир текстиль» ҳамда «Габон текстиль» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотлари, тайёр кийим-кечаклар намуналари тарғиб қилинди.

Сафар давомида Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар ва Лаҳор шаҳри ҳокими Муҳаммад Асиф билан музокаралар олиб борди.
Покистоннинг Neo TV телекомпанияси «Аап Ки Аваз» ток-шоусининг Наманган вилоятига бағишланган махсус сонини эфирга узатди. Унинг аудиторияси 50 миллиондан ортиқ кишини ташкил этгани айтилмоқда.Энг сўнгги хабарлардан биринчи бўлиб хабардор бўлинг. Kun.uz'ни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг
Тасодифий хабарлар
Наманганда террористик фаолият билан шуғулланишда гумонланаётган шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди.
Рамзан Қодировнинг аҳволи ёмонлашди: у коронавирусга чалинган бўлиши мумкин
Роналду «Барселона»га ўтиши мумкин, Месси эса жамоани тарк этмоқчи
Дунё футболида илк бор қора карточка жорий этилди
Файзуллаев Европа майдонида дебют қилди