Зеленский рус аскарларига мурожаат қилди

Украина Президенти Владимир Зеленский россиялик аскарларга мурожаат қилиб, агар улар Украина ҳудудини тарк этса, тирик қолиш имконияти борлигини айтди. Бу ҳақда у Президентнинг Telegram-каналида эълон қилинган видеомурожаатида айтиб ўтган.

Зеленский рус аскарларига рус тилида мурожаат қилган: 

“Россия аскарлари! Сизда омон қолиш имконингиз бор. Қарийб икки ҳафталик қаршиликларимиз сизларга таслим бўлмаслигимизни кўрсатди. Чунки бу бизнинг уйимиз, бу бизнинг оиламиз ва болаларимиз! Биз барча ерларимизни қайтариб, ўлдирилган одамларимиз учун жавоб бермагунимизча курашамиз. Ўлдирилган болаларимиз учун. Сиз ҳали ҳам қутулишингиз мумкин. Агар кетсангиз”.

У россиялик аскарларни ўз қўмондонларига ишонмасликка чақирган.

“Қўмондонларингиз Украинада ҳали ҳам имкониятингиз борлигини айтишса, ишонманг. Бу ерда сизни ҳеч нарса кутмайди. Асирликдан ва ўлимдан ташқари. Сиз бизнинг жонимизни олиб, ўзингизникини берасиз. Ва биз биламизки, сизнинг қўмондонларингиз ҳамма нарсани тушунишади. Биз бу урушни тугатишимиз керак. Биз тинчликка қайтишимиз керак. Уйларимизни тарк этинг, ўз жойингизга боринг”, деган Зеленский.

×