Ўзбекистондаги “Ватандошлар” жамоат фонди Украинадаги кун сайин таранглашаётган вазият фонида ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди. Ташкилот ўзбекистонликлардан бошқа давлатлар ички ишларига аралашмасликни сўрамоқда.
“Инсоният бугун катта хавф-хатар ва таҳдидлар кучайган шароитда яшаш ва ҳаёт кечиришга мажбур бўлмоқда.
Шарқий Европа минтақасида таранглашаётган сиёсий вазият барчамиздан огоҳлик ва чуқур тафаккур билан иш кўришни талаб этади.
Афсуски, бундай воқеалар аянчли оқибатларга олиб келиши билан бирга, қанчадан-қанча давлатлардаги ривожланиш жараёнларини бир неча йилларга орқага суриб юбориши мумкин”, дейилади мурожаат аввалида.
Фонднинг қайд этишича, олиб борилаётган мулоқотлар ва тушунтириш ишларига қарамай, айрим ўзбекистонликлар турли давлатларнинг манфаатларига хизмат қилувчи баъзи манбаларга таяниб, маълум миқдордаги пул маблағлари, катта ваъдалар, жумладан, турли шартномалар тузиш орқали фуқаролик бериш ва бошқа чақирувларга учиб, шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишлари ортидан хатарли вазиятларга тушиб қолмоқда.
Фонд хориждаги ўзбекистонликларни қуйидаги тавсияларга амал қилишга чақирмоқда:
• бошқа давлатлар ички ишларига аралашмаслик;
• ҳар хил чақириқлар ва оқимларнинг алдовларига ишонмаслик;
• ҳеч қандай зиддиятли ва қуролли вазиятларга аралашмаслик;
• ўқотар қуролларни қўлга олмаслик ва улардан фойдаланмаслик (ғайриихтиёрий равишда қотилга айланиб қолмаслик);
• вазиятни чигаллаштирувчи ҳеч қандай шиорларни тарғиб қилмаслик;
• низолашаётган тарафларнинг байроғи, мадҳиялари, рамзлари ва шиорларини ишлатмаслик (Ўзбекистон фуқароларига нисбатан салбий муносабат шаклланиб қолишининг олди олинади).
“Юқоридаги ҳолатларга аралашиш белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини яна бир бор эслатган ҳолда, бугун дунёда кузатилаётган вазиятда нейтрал позицияни устувор қўйишни тавсия этамиз.
Дунёнинг қайси ўлкасида бўлмайлик, азиз Ватанимиз – Ўзбекистоннинг обрўси, эътибори, шаъни–шуури ва халқаро имиджини сақлаш муқаддас бурчимиз эканлигини унутмайлик!”, дейилади мурожаатда.
Тасодифий хабарлар
Баъзи тадбиркорларга 50 млн сўмгача гаровсиз кредитлар берилади
Аи-95 маркали бензин арзонлашади
Қирғизистон Тожикистон чегарасида 18 киши қурбон бўлган
"Алдама мени" кўрсатувида чиққан Жалолиддин Машарипов мухлисларнинг ғазабига йўлиқди
Нега Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аҳоли орасида кўпаймоқда?