Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келмоқда

Ўзбекистонга совуқ антициклон кириб келмоқда

Республика Гидрометеорология хизмати бошланган ҳафтада кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. 

Бугун Ўзбекистон бўйича кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво 24-27° илиқгача исийди.

20-21 апрелда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массалари, сўнг Урал ҳудудларидан деярли совуқ антициклон кириб келади.

20 апрелда кундуз куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида фақат баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 12-17° илиқ, кундузи 17-22° илиқ атрофида бўлади.

21 апрелда республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади. Кундузги ҳаво ҳарорати 13-18° илиқгача пасаяди.

Республиканинг айрим туманларида 20-21 апрелда шамол 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 20-21 апрелда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, сел келиши хавфи бор.

Иш ҳафтасининг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлади.

22 апрелда совуқ антициклон перифериясида ҳарорат кечалари 3-8° илиқгача пасаяди, кундуз кунги ҳарорат эса аста-секин кўтарила бошлайди ва кундузи ҳаво 17-20° илиқгача исийди, 23 апрелда эса 22-25° илиқгача кўтарилади.

Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2200 м дан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

×