Кремль 2024 йилга белгиланган Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик кўра бошлаган. Бу ҳақда РБК батафсил муҳокамадан хабардор манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Суҳбатдошларга кўра, жорий йилнинг ёзидан бошлаб тайёргарлик муҳокама қилинмоқда. Президентлик сайлови масаласи кўтарилган йиғилишларда Россия Федерациясининг амалдаги Президенти Владимир Путиннинг сайловолди ташвиқоти эҳтимоли ҳақида сўз борган.
“Маълум бир номзод билан кампания муҳокама қилинмоқда. Ҳозирда бошқа вариантлар йўқ”, деб таъкидлаган суҳбатдош.
Бироқ, бошқа икки манбанинг қайд этишича, Кремль ҳеч қачон Путиннинг янги муддатга ўтиши ёки ўта олмаслигини аниқ айтмаган.
Жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Путин 2024 йилги сайловларда иштирок этиш тўғрисида ҳали қарор қабул қилмагани хабар қилинган. Давлат раҳбари ўзининг қайта сайланишини “Россия учун мақсад” деб ҳисоблашдан бош тортган, бироқ унинг қайта сайланиш ҳуқуқига эга бўлишининг ўзи мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг апрель ойида ўзига яна икки муддат давлат раҳбари лавозимини эгаллаш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолаганди. Қонун лойиҳасида президентликка номзодлар учун қўйиладиган талаблар ҳам кўрсатилган. Шундай қилиб, ушбу лавозимга камида 35 ёшда бўлган, Россияда камида 25 йил доимий яшаган ва ҳеч қачон чет эл фуқаролиги ёки яшаш учун рухсатномасини олмаган Россия Федерацияси фуқароси даъво қилиши мумкин.
Россияда сўнгги президентлик сайлови 2018 йилда бўлган ва унда амалдаги Президент Владимир Путин 76,69 фоиз овоз билан ғолиб чиққан. Бунгача Путин 2000, 2004 ва 2012 йилги сайловларда қатнашиб ғалаба қозонган. Апрелда қабул қилинган қонундан сўнг, унда 2024 ва 2030 йилги Россия президентлиги учун сайловларда ўз номзодини илгари суриш имконияти пайдо бўлди.
Биргина Дмитрий Медведевнинг 2008-2012 йиллардаги раҳбарлиги ҳисобга олинмаса, Владимир Путин 1999 йилдан то ҳозирги вақтга қадар дунёдаги энг йирик давлатни бошқариб келмоқда.
Тасодифий хабарлар
Apple бутун дунё бўйлаб iPhone нархлари ошишини эълон қилди
Тошкентда Lacetti 6 пиёдани уриб юборди, 2 киши вафот этди
Наманганда ноқонуний равишда дори ишлаб чиқараётган яширин корхона аниқланди
Собиқ депутат Қобул Дусов судга берилди
Депутат: “Мен суянган қонунларнинг аҳволини кўриб очиқчасига қўрқишни бошладим”