Андижон шаҳри ҳокими ишдан кетди. Шаҳарга вақтинчалик ҳоким тайинланди

Андижон шаҳри ҳокими ишдан кетди. Шаҳарга вақтинчалик ҳоким тайинланди

Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ишдан кетди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

26 август куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дилмурод Раҳматуллаев лавозимидан озод этилгани маълум қилинган. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида ўтказилаётган мазкур йиғилишда Баҳромжон Носирбоевич Ҳайдаров вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида таништирилди.

Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йил туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи, молия. У 2018 йил февраль ойидан буён Андижон вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Раҳматуллаев 2016 йилдан буён Андижон шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётганди. У 2017 йилнинг кузида Андижон шаҳридаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани тасвирланган аудиоёзувлар тарқалиб кетганидан кейин интернетда машҳур бўлганди. 

Дилмурод Раҳматуллаев 2018 йилнинг апрелида бош вазир иштирокида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун, бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун ҳайфсан олган, бош вазир у охирги марта огоҳлантирилаётганини маълум қилганди.

×