Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон вилоятида «Тез ёрдам» шифокорига оғир тан жароҳати етказган шахсга жиноий иш қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабар берди.
18 октябрь куни Kun.uz сайтида Андижон вилояти Пахтаобод туманида беморнинг маст қариндоши «тез ёрдам» шифокорини дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етгазгани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур ҳолат Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олиниб, зудлик билан мавжуд вазиятга аниқлик киритиш мақсадида ўрганишлар олиб борилган.
«Аниқланишича, жорий йил 17 октябрь куни соат 00:30лар чамаси Пахтаобод тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчаси диспетчер хизматига шу туманнинг Маърифат маҳалласидан мурожаат келиб тушади.
Шундан сўнг чақирув манзилига дарҳол навбатчи шифокор Нодирбек Аҳмедов бошчилигидаги тез ёрдам бригадаси юборилади. Бироқ чақирув бўлган хонадон эгаси, 1991 йилда туғилган фуқаро Б.Т. шифокорларнинг етиб боришини кутмай, бемор онаси Г.У.ни ўз шахсий автомашинасида «тез ёрдам» шохобчасига олиб келади.
Ўша куни туман тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчасида навбатчилик қилаётган бошқа бир шифокор, 1994 йилда туғилган Шоҳрух Зокиров дарҳол бемор Г.У.нинг қон босими, юрак уришини ўлчаб, унга керакли тиббий ёрдам кўрсатади.
Ўз вақтидаги муолажалар сабабли бемор Г.У. нинг қон босими меъёрлашиб, умумий ҳолати яхшиланади. Аммо фуқаро Б.Т. онасига кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан қониқмасдан, жамоат жойи ҳисобланган бинода жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан шифокорларни уятли сўзлар билан ҳақорат қилади ва ўз хизмат вазифасини ўтаётган яна бир шифокор – М. Деҳқоновнинг ёқасидан олиб, уни бўға бошлайди.
Шу пайт ҳамкасбини ажратиш учун борган Ш. Зокировнинг ҳаракатлари муштумзўр Б.Т.га ёқмайди ва у шифокорнинг юзига мушт туширади. Бунга қаноат қилмаган Б.Т. мушт зарбидан ерга йиқилган Ш. Зокировнинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, унга жиддий жароҳат етказади», дейилади хабарда.
Шундан сўнг, олган тан жароҳатлари билан Ш. Зокиров Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига ётқизилади.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси давомида Ш. Зокировга бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, иккала кўз қовоқлари ва бурун соҳасидаги қонталаш ташхиси қўйилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва тиббиёт ходимига тажовуз қилган Б.Т.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
«Сир эмас, бугунги мураккаб пандемия шароитида тиббиётимизнинг фидойи ва жонкуяр ходимлари, шифокор ва ҳамширалар ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб бўлса-да, аҳоли саломатлиги йўлида тун-у кун хизмат қилмоқда.
Бироқ ана шундай заҳматкаш инсонларнинг меҳнатини қадрламаслик, хусусан, беморларга ёрдам бериш учун келган «тез ёрдам» ходимларига беписанд муносабатда бўлиш, уларни дўппослаш, куч ишлатиш, тан жароҳати етказиш ҳеч бир қонун талабига ҳам, инсонийлик тамойилларига ҳам тўғри келмайдиган ҳолатдир», дея таъкидлайди ССВ матбуот хизмати.
Тасодифий хабарлар
Яна бир соҳада «бодикамера» тизими жорий этилди
ЖЧ-2022. Аргентина финалда! Хорватия йирик ҳисобда мағлуб этилди
Мадриднинг “Реал” клуб афсонаси вафот этди
Судья чет элда ишлаётган кўпгина ўзбек аёлларини фоҳишага чиқарди
Тошкентда жиноятчи нон ичида наркотик олиб ўтишга ҳаракат қилди