Студентларга квартира йўқ

Студентларга квартира йўқ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, президентликка номзоди қўйилган Мақсуда Ворисова талабалар ҳаётига оид муаммони кўтариб чиқди.

«Шу кунларда Тошкент шаҳрига минглаб талабалар келмоқда, уларнинг аксарияти жой қидириб, ўз ёғига ўзи қоврулиб юрибди. Навбатдаги ўқув йили бошланаяпти ҳамки, дарди бедаво масала аччиқ ичакдек чўзиладиган кўринади.

Талабаларнинг катта қисми пойтахтга яқин бўлмаган вилоятлардан келиб ўқишади. Ўқиш бошланишига жуда оз қолди, лекин ижтимоий тармоқларда ётоқхонага жойлашолмаган талабаларнинг норозиликларига кўп гувоҳ бўляпмиз. Айни масалага масъул мутасаддилар ҳолатни англашлари, муаммони кенг фикр асосида таҳлил қилиб ечишлари лозим эди.

Аччиқ бўлса ҳам, очиқ айтайлик, Ўзбекистондаги биронта олий таълим муассасасининг ўз талабаларини тўлиқ сиғдира оладиган турар жойи йўқ. Шу сабабли талабалар турли ижара уйларда яшашга мажбур. Бу ҳолат, айниқса, пойтахтда жуда ачинарли аҳволда: ижара пули қиммат – бир хонали квартира 300-400 доллар атрофида. Талабага паст тоифали одамдек муомала қилишади – “студентларга квартира йўқ”. Бу бир неча вазирлик ё идора томонидан эмас, ҳукумат даражасида ечилиши лозим бўлган муаммодир.

Маълумотларга кўра, республикада 220 дан ортиқ талабалар турар жойи мавжуд, улар 58 минг нафар талабани сиғдира олади, ваҳоланки, ҳар йили 149 минг нафардан ортиқ талабанинг ётоқхонага эҳтиёжи бор. Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари сони 130 дан ошди. Қабул квотаси 2,6 баробарга, талабалар сони эса 2,3 баробарга кўпайди. Лекин ётоқхоналар ўрин сони атиги 25 фоизга оширилган.

Охирги йилларда ўнлаб хусусий ва хорижий олий таълим муассасалари фаолият бошлади, аммо уларга ётоқхона инфратузилмаси бўйича талаб қўйилмади. Талабаларнинг қаерда яшаши, қандай кун кўришини ким ўйлаши керак?

Катта маблағни тўлаш учун бечора студент кафе, ресторан ва клубларда официант, бозорда сотувчи ва яна бошқа жойларда ишлашга мажбур. Бу ўқиш сифатига, ёшларнинг кайфиятига жуда салбий таъсир кўрсатади.

2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат ОТМ талабаларининг ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Маълумотга кўра, 2021 йил май-июнь ойлари учун 3 минг нафардан кўпроқ талабага 920,8 млн. сўм маблағлар давлат бюджети томонидан тўлаб берилибди. Аммо бу ҳам муаммо ечими эмас. Чунки ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандлари учун қўлланилади.

Биз мамлакатимизни ривожланган мамлакатлар сафига киритишни ният қилар эканмиз, унутмаслигимиз керакки, шу маррага олиб чиқадиган ягона куч кадрлардир. Биз ёшларга, талабаларга узоқ келажакда эмас, бугун ва ҳозир шароит яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш ҳақида ўйлашимиз, тезкор ва аниқ чоралар белгилашимиз зарур», деб ёзган Ворисова.

×