Раёсат йиғилишида судлар фаолияти тахлил қилинди

Раёсат йиғилишида судлар фаолияти тахлил қилинди

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг судга нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини оширишда бир қатор амалий ишлар қилиб келинмоқда.

Президентимиз томонидан «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди ва шунга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ташкил этилди.

Илк бор бирлашган Наманган вилояти суди томонидан 2020 йилда одил судловни таъминлашда вилоят, туман, шаҳар судлар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят судининг фуқаролик, жиноят, иқтисодий судлов ҳайъати, туман, шаҳар суди судьялари ҳамда суд ходимлари иштирок этишди. Раёсат йиғилишига Вилоят суди раиси Абдурасул Эранов раислик қилди.

??

Йиғилишда таъкидланганидек, Вилоят судининг 2020 йилдаги иш фаолияти 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга, одил судловни амалга оширишда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилди.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ўтган йилда 2 минг 796 нафар шахсга нисбатан 2 минг 282 та иш кўриб чиқилган.

Инсонпарварлик тамойили асосида 11 нафар шахс оқланган бўлса, 209 нафар шахс қамоқдан озод қилинган.

Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида 58 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган бўлса, инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойили асосида ярашув институтининг самарали қўллаб 689 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2020 йилда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро судларининг иш юритувига 13.333 та фуқаролик ишлари келиб тушган бўлиб, шундан, 11.108 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. 4377 ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Кўриб тамомланган ишлардан 9.071 та иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 7699 та иш бўйича фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга эришилган. Томонларнинг ўзаро ярашиб ва келишиб олганликлари учун 148 та иш иш юритишдан тугатилган.

Судьяларнинг жойларга бориб аҳоли орасида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳамда сайёр суд мажлислари ўтказилиши натижасида 2020 йилда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 2019 йилга нисбатан 475 тага, бошқа оилавий низолар эса 328 тага камайган. Бу албатта олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали натижаси ҳисобланади.

Иқтисодий судлар томонидан ўтган йил давомида 5369 иш кўриб чиқиб ҳал этилган. Кўрилган ишларнинг 2467 таси бевосита жойларга бориб сайёр суд мажлисларида кўрилган. Кичик бизнес субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг даъвогарлигида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир 724 та ишлар кўрилиб, шундан 631 та ишлар бўйича уларнинг фойдасига 63 миллиард 999 миллион сўм қарздорликларни ундириш бўйича суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Танқидий-тахлилий рухда ўтган Раёсат йиғилишида, фаолият давомида йўл қўйилган камчиликлар келгусида такрорланмаслиги ва уларни олдини олиш бўйча тушунтиришлар берилди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича қарор қабул қилинди.

Бу хақида Namanganliklar.uz га Наманган вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабар берди.

×