Ижтимоий тармоқларда коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда ҳам аниқлангани, бу касаллик олдингисидан-да оғир кечиши тўғрисидаги аудио тарқалди. Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университетида ҳам вируснинг янги штамми қайд этилгани айтилади. «Гап бундоқ, февраль ойидан бошлаб карантин қайтаркан. Ковид марказлар яна очиларкан. Янги штаммда бурун битиб, томоқ йиринглаши, ич кетиши билан кечаркан. Касаллик жуда кескин кечаркан. Кимда кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилсин», — дейди кимлиги номаълум бўлган эркак.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков бу миш-мишлар ўринсиз эканлигини «Kun.uz»га маълум қилди.
«Ўзбекистонда коронавируснинг янги штамми қайд қилинмаган. Юқоридаги аудиода айтилган белгилар олдинги штаммга ҳам хос бўлиши мумкин. Янги штамм қайд қилинмагани туфайли эҳтиёт чораларини сусайтириш ярамайди. Биз ҳамон пандемия даврида яшаяпмиз.
Карантин чораларининг февраль ойида кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ўринсиз. Бу борада фақат Республика махсус комиссияси қарор чиқариши мумкин. Бундай қарор чиқарилганда эса расман эълон қилинади», — деган Нурмат Отабеков.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар куни турли ҳудудларда коронавирус аниқланмоқда. Шу жумладан, Тошкент давлат педагогика университетининг талабасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилгани рост. Аммо бу янги штамм эмас, умуман эпидемиологик вазият ҳам барқарор. Ўша факультет талабаларига маълум муддат жавоб берилгани эса стандарт амалиёт.
«Такрор айтаман, касаллик бизга кириб келмабди, дея хотиржамликка берилиш, ҳимоя ва гигиена қоидаларини унутиш тўғри эмас. Эҳтиёт чоралари ҳамон амалда», — деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков.
25 декабрда ҳам Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилиши ҳақидаги гаплар тарқалган, Нурмат Отабеков бунга муносабат билдириб, бугун бу каби чекловлар ҳақида ўйлаш учун умуман асос йўқлиги, мамлакатда коронавирус касаллиги бўйича барқарор эпидемик вазият ҳукм сураётгани сабабли Республика махсус комиссияси аъзолари карантин тадбирларини кучайтириш ҳақида ҳозирча ўйлаб кўрмаганини маълум қилганди.
«Халқимизда ниятга яраша беради, деган гап бор. Билмадим, баъзи шахслар бу каби миш-мишларни яхши ниятда тарқатишяптими ёки доим шундай ‘совуқ’ ният қилишга ўрганиб қолишганми... Халқни бесаранжом қилиб, чалғитиб, қўрқитиб ёки хавотирга солиб барака топмайсиз», — деган эди у.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлгани, «агар аҳолининг 70 фоизида иммунитетни шакллантира олсак (эмлаш орқали ёки касалланиш оқибатида), демак, биз пандемияни жиловлай оламиз, аниқроқ айтсак, биз уни енгамиз», деб айтганди.
Тасодифий хабарлар
Ўзларини ИИБ ходимлари деб таништирган жиноятчилар қўлга олинди
Тошкент - Олмалиқ йўлида 4та машина ва бир автобус иштирокида ЙТҲ юз берди
Қашқадарёда шифокорлар калтакланди. Аёл киши ҳам аяб ўтирилмади
Энди хорижга чиқишга тақиқни телефондан текшириш мумкин
ДХХ Наманган ва Самарқандда “учирувчи” дорилар савдосига чек қўйди