4 октябрдан Умрада ибодат қилишга рухсат берилади

4 октябрдан Умрада ибодат қилишга рухсат берилади

Саудия Арабистони ҳукумати 4 октябрдан Умра ибодатини амалга ошириш учун рухсат беришни бошлайди. Бу ҳақда tarjimon.uz ҳукумат ахборот агентлиги 22 сентябрь куни хабар берди.

Умра муқаддас Макка шаҳрида амалга ошириладиган ибодатдир. Лекин, Ҳаждан фарқли ўлароқ Умрадаги амаллар бир неча соат ичида адо этиб бўлинади ва Умрани йил бўйи бажариш мумкин.

Умрага рухсат бериш аста-секинлик билан бир неча босқичда амалга оширилади. Унга кўра, биринчи босқичда Саудия фуқаролари ва айни пайтда Қироллик ҳудудида бўлиб турган бошқа давлат фуқаролари 4 октябрдан Умрани амалга оширишлари мумкин бўлади. Коронавирусдан ҳимояланиш кўрсатмаларига риоя қилиш учун Масжидул Харамга келадиган мусулмонларнинг сони ҳудуд сиғимининг 30 фоизинигина эгаллайдиган даражада камайтирилади. Бу чекловдан кейин Мажидул Харамга ҳар куни 6000 нафар мусулмон кириб, ибодатни бажаради.

Иккинчи босқичда эса 18 октябрдан Саудия фуқаролари ва бу ерда яшаётган хорижликларнинг Умра билан бирга Мадинадаги Масжидул Набавийга боришларига ҳам рухсат берилади. Бу босқичда масжид сиғими 75 фоизгача тўлдирилади.

Бу Масжидул Харамга кунига 15 000 киши Умра учун ва яна 40 000 киши намоз ўқиш учун киришини таъминлайди. Мадинаи мунавварадаги Масжидул Набавийнинг ҳам 75 фоиз сиғимидан фойдаланилади.

Учинчи босқичга келиб Саудиядаги мусулмонлардан ташқари хориждан келадиган мусулмонларга ҳам Умра эшиклари очилади. Бу босқичга 1 ноябрдан рухсат берилади ва унда мусулмонлар икки муқаддас масжидга келишлари мумкин бўлади. Учинчи босқичдаги чекловлар коронавирус пандемияси расман тугагунича ёки унинг хавфи ўтиб кетгани эълон қилингунча давом этади.

Учинчи босқичда Масжидул Харам ва Масжидул Набавийнинг сиғимидан 100 фоиз фойдаланилади. Унда ҳар куни 20 000 киши Умрани адо этади ва яна 60 000 киши бу муқаддас масжидда бошқа ибодатларни амлага оширади.

“Қиролликка хориждан мусулмонларнинг келишига рухсат бериш аста-секинлик билан бўлади.

Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус бўйича ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган давлатларни аниқлайди ва уларнинг фуқаролари Қиролликка келишади” дейилади баёнотда.

Тўртинчи босқичда Саудия ўзининг ва хориж фуқароларининг мамлакатга келиб, икки муқаддас масжидда ибодатларни амалга оширишларига рухсат беради. Масжидлар 100 фоиз сиғимидан фойдаланади. Бу босқич Саудия ҳукумати коронавирус пандемиясининг хавфи йўқ бўлганини эълон қилганидан кейин бошланади.

Манба: Effect.uz

×