Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ватандошларимизни ва юртимиз меҳмонларини муқаддас Қурбон ҳайити билан муборакбод этади.
Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Республика Ҳукуматининг диний бағрикенгликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳарактлари мамлакатимизда тинчлик, конфессиялараро тотувлик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамланишида муҳим омил сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам мўмин-мусулмонлар ибодатларини адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, республикамиз ҳудудидаги масжидларда фуқаролар томонидан жамоа намозлари ўқилиши жараёнида хавфсизликни таъминлаш, масжидлар ёнида ва уларга туташ автотураргоҳларда машиналарнинг тартибли ҳаракатланишини ташкил этишда ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатлари доирасида хизмат қилиб келмоқдалар.
Албатта, дунё миқёсида кузатилаётган коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлардаги каби намозларни масжидларда жамоа билан ўқишда чекловлар жорий қилинди. Бу чекловларнинг барчаси вақтинча ўрнатилган бўлиб, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг хавфи камайиши билан уларни босқичма-босқич ечиш кўзда тутилган.
Жумладан, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади.
Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди.
Вазирлик ватандошларимизнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги яна бир бор барча юртдошларимизни муборак Қурбон ҳайити билан табриклаб, хонадонларига тинчлик, хотиржамлик ва файзу-барака тилаб қолади.
ИИВ Ахборот хизмати
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда ёғ, гўшт ва картошка импортига берилган солиқ имтиёзи муддати узайтирилади
30 Z 777 ZZ авторақамини аукционда ютиб ғолиб бўлган талабгор белгиланган суммани тўлай олмаганлиги сабаб қайта сотувга қўйилди
Марказий Осиёнинг энг тинч мамлакати эълон қилинди
Чавандозларимиз Россия турнирида медалли бўлди
Олимлар: одамзод катта ҳалокат бўсағасида