Молия вазири ўринбосари вафот этди. У коронавирусга чалинганди

Молия вазири ўринбосари вафот этди. У коронавирусга чалинганди

Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Ёрқин Турсунов 29 июль куни вафот этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

«Kun.uz» нашрининг вазирликдаги манбаларига таяниб маълум қилишича, 55 ёшли Ёрқин Турсунов коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида оламдан ўтган.

«20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ёрқин Турсунов Молия вазирлиги тизимида ишлаган, у ерда ҳар доим ўзининг меҳнатсеварлиги, ҳар бир ишга юқори масъулият ва пухталик билан ёндашиши, ҳар кимни тушуниш қобилияти билан ажралиб турар эди.

Ёрқин Эргашевич доимо мавжуд бўлган барча камчиликларни ўрганишга ҳаракат қилар эди, ҳар доим инсонлар билан мулоқотга очиқ эди. Унинг бутун фаолияти ҳудудлар ва бутун мамлакатни ривожлантириш учун хизматга бағишланди. Ҳудудлар билан ишлаш мобайнида республикaнинг ташриф этмаган ягона минтақа, туман қолмади», — дейилади хабарда.

Молия вазирлиги Ёрқин Турсуновнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.

Маълумот учун, Ёрқин Турсунов 1965 йилда Самарқанд вилоятинг Хатирчи туманида туғилган. 1990 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини бакалаврини тамомлаган. Мутахассислиги молиячи. 2006—2012 ва 2016—2018 йилларда Молия вазири ўринбосари, 2012—2016 йилларда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Ижтимоий ва молиявий таъминот хизмати бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Молия вазири ўринбосари лавозимига қадар, Ёрқин Турсунов Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори лавозимини эгаллаган. Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, уларни молиялаштириш бўйича самарали фаолият олиб борган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча Ёрқин Турсуновнинг COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаганича йўқ.

Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган.

Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу олти ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Бундан ташқари, таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган.

26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган.

×