Контракт тўловларини иш берувчи корхона томонидан амалга ошириш тартиби жорий этилади

Контракт тўловларини иш берувчи корхона томонидан амалга ошириш тартиби жорий этилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартибини жорий этиш тўғрисида ҳужжат тайёрлади.

 “Талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тайёрлади.

Қарор лойиҳасига талабалар контракт тўловларининг иш берувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги низом илова қилинган.

“Иш берувчи корхоналар томонидан талабалар контракт тўловларининг амалга оширилишида айрим тоифадаги (чин етимлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланганлар ҳамда иқтидорли) фуқароларга имтиёзлар берилиши тавсия этилсин”, - дейилган ҳужжатда.

Ҳужжатда талаба, олий таълим муассасаси ва корхона (иш берувчи) ўртасида олий касбий таълимга эга бўлган мутахассисларни шартнома асосида мақсадли тайёрлаш бўйича Намунавий шартнома намунаси келтирилган.

Шунингдек, ҳисобидан олий таълим муассасалари талабасига тўлов-контракт пулларини тўлаш ва олий таълим муассасини битиргандан кейин корхона билан меҳнат шартномасини тузиш мажбурияти бўйича икки томонлама шартнома илова қилинган.  

Шартномада корхона қуйидаги мажбуриятлари қайд этилган:

- жорий ўқув йили учун белгиланган ўқитишнинг тўлиқ қийматини ўз вақтида тўлаш;

- таълим олишнинг тўлов-контракт шаклига қабул қилинган талаба томонидан тақдим этилган тўлов тақдимномаси бўйича шартнома асосида зарур суммани ОТМнинг ҳисобварағига қуйидаги муддатларда ўтказиш орқали тўлаш:

- ОТМнинг биринчи курсига қабул қилинган талабалар учун тўлаш учун белгиланган сумманинг камида 50 фоизи – 15 сентябргача, иккинчи ва учинчи курс талабалари учун – 1 октябргача, тўлаш учун белгиланган сумманинг қолдиғи – 1 мартгача.

- энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ёки тарифлар ўзгарганда, ўқишнинг қолган муддати учун бир ой муддат ичида таълим муассасасига ҳақ тўлаш ва контрактга тегишли ўзгартиришлар киритиш;

- таълим йуналиши (мутахассислиги)ни ўқув режасига мувофиқ ишлаб чиқиш, диплом олди амалиётини ўташ ва шу даврда талабага шароит яратиш;

- олий таълим муассасасини тугатгач ҳақ тўланадиган штат лавозимига ишга қабул қилиш, иш жойи билан таъминлаш, ишлашга шароит яратиш ва унинг ўзига хос хусусиятлари билан таништириш мажбуриятини олади.

“Шартномада кўрсатилган маблағларни ўз вақтида тўлай олмаса, Талаба (Ходим)  Корхонага ҳар бир кечиктирилган кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима тўлайди”, - дейилган шартнома матнида.

×