Шуҳрат Ғаниевнинг танқидлар остида қолган матбуот котиби лавозимини тарк этди

Шуҳрат Ғаниевнинг танқидлар остида қолган матбуот котиби лавозимини тарк этди

Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов лавозимини тарк этди. Журналист вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририятининг бош муҳаррири этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда. 

Фарғона вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Фарғона ҳақиқати” газетаси 1917 йилнинг 14 октябридан чиқа бошлаган. Унинг тарихи Қўқон шаҳрида “Эл байроғи” номи билан пайдо бўлган газетага бориб тақалади. Газета 1921 йил май ойидан “Меҳнат байроғи”, сўнгра “Фарғона”, 1926 йил 22 октябрдан эса “Янги Фарғона” номи билан чоп этилган.

1938 йил бошида Фарғона вилояти ташкил этилади ва шу йилнинг май ойидан вилоят газетаси “Коммуна” номи билан чиқа бошлади. 1993 йил декабрдан ҳозирги номи билан чоп этиб келинмоқда. 2012 йилда таҳририят “Олтин қалам” танловининг бош миллий мукофотини қўлга киритган.

Маълумот ўрнида, “Фарғона ҳақиқати” –“Ферганская правда” газеталари таҳририятининг бош муҳаррири Гулбаҳор Саидғаниева Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати этиб сайланди. Шу боис бу лавозим бўш қолаётган эди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов Фарғона вилояти ҳокими Матбуот котиби лавозимини эгаллаганига кўп бўлмаган эди. Аммо, қисқа вақт ичида интернет-сайтлар, ижтимоий тармоқларнинг “юлдуз”ига айланди. У матбуот котиби бўлиб ишлаган даврда Фарғона вилояти ҳокимининг “блогернинг жанозасини ўқимайсанми” дея тушунилган аудиоёзуви тарқалди. Обидов эса тезкор реакцияга киришиб, ушбу овоз пранкер маҳсули ва бу ишнинг ортида “Озодлик” радиоси турганини айтиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, унинг иддаолари исботини топмади. Бош прокуратура овоз ҳақиқатан ҳам Ғаниевга тегишли эканини далиллади

Охирги вақтларда эса ҳоким Шуҳрат Ғаниевданда кўпроқ, Матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовга нисбатан эътирозлар ортди. Айниқса, ҳокимнинг болалар боғчаси хоналарида. Гилам устида пойабзали билан юргани тасвирланган сурат ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали тарқатилгач, журналист ва блогерлар ҳокимлик Матбуот хизмати раҳбарини ўзгартириш таклифи билан чиқишди. 

×