Вадим Абрамов мағлубиятда футболчилар ва мухлисларни сабаб қилиб кўрсатди

Вадим Абрамов мағлубиятда футболчилар ва мухлисларни сабаб қилиб кўрсатди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ЖЧ-2022 саралаши доирасида Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятга изоҳ бериб ўтди.

— Мағлубият учун бутун жамоа номидан узр сўрайман. Биз уларга байрам қилиб бермоқчи эдик, аммо футболда шунақаси ҳам учраб туради. Энди сафарда жанг қилиш учун бизда имконият бўлишига умид қиламан.

Ҳисобда олдинда бораётган вақтимизда футболчилар ҳиссиётга берилиб кетди. 2:1 ҳисобида олдинга ўтиб олганимиздан сўнг узун паслар бошланиб кетди. Нима учундир улар ҳисобни яна-да ошириш учун олдинга ташланишди.

Трибунадаги мухлислар ҳам уларни олқишлаб, олдинга бошлаб турди. Натижада рақибда имкониятлар пайдо бўлди. Улар бор-йўғи уч киши ҳимояланаётганди, бундай вақтда ақлни ишлатиб, тартибли ўйнаш керак эди.

Ўйинни совутиш учун Жалолиддин Машарипов ўрнига Одил Ҳамробековни туширдим. Рақибнинг голлари жуда ғалати бўлди. Биринчи голда пеналти, иккинчисида рикошет, учинчисини умуман тушуниб бўлмайди.

Одил Аҳмедов ҳимояда яхши ўйнади. Ҳамма гап ярим ҳимоячиларда. Биз прессингга ҳаддан ортиқ куч сарфлаб юбордик. Тўпни олиб қўйдик, аммо тезда яна рақибга топшириб қўйдик, — деди Вадим Абрамов ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаши доирасида 19 ноябр куни Фаластинга қарши майдонга тушади. Учрашув «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

×