Меҳнат кодексига ўзгартириш: уч ойлик ҳақсиз амалиёт таклиф қилинмоқда

Меҳнат кодексига ўзгартириш: уч ойлик ҳақсиз амалиёт таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда уч ойгача муддатга ҳақ тўланмайдиган касбий амалиёт тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги ишлаб чиққан Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида айтилган. Ҳужжат 9 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида туради.

Нима учун бу таклиф киритилди

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, меҳнат бозорига илк бор кираётган ёшлар ишга жойлашишда қийналмоқда. Фаолият соҳасини ўзгартирган одамлар ҳам шундай ҳолатга тушяпти. Сабаб оддий: уларда амалий тажриба ва иш стажи йўқ.

Иш берувчилар ҳам тажрибасиз номзодни ишга олишга шошилмайди. Уларни хавф-хатар ва қўшимча харажатлар ташвишга солади. Янги механизм шу тўсиқни камайтириши кутилмоқда.

Амалиёт қандай ташкил этилади

Бунинг учун Меҳнат кодексини 368¹-модда билан тўлдириш режалаштирилган. Модда амалиёт даврига ҳақ тўлаш ёки тўламаслик масаласини иш берувчининг ихтиёрига қолдиради.

Ишлаб чиқариш таълими шартномаси асосида касбий таълим ёки қайта тайёрлашдан ўтган шахсларга алоҳида қоида белгиланади. Улар кейинчалик ўша иш берувчига ишга жойлашса, стажировка ўташ талаб қилинмайди.

Таклифга кўра, иш қидираётганлар реал иш шароитида тажриба орттиради ва билим-кўникмаларини кўрсатади. Иш берувчи эса номзоднинг малакаси ташкилот талабларига мос келишини баҳолайди.

Шартномада нималар бўлиши керак

Қонунчиликка 368-2-модда ҳам киритилади. У касбий амалиёт шартномасининг мазмунини белгилайди. Шартномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

- амалиётчига бириктирилган устоз ҳақидаги маълумотлар; - агар назарда тутилган бўлса, тўланадиган ҳақ миқдори; - иш берувчининг зарур шароит яратиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари; - амалиёт якунида сертификат бериш тартиби.

Лойиҳа ишсизликни камайтиришга, ёшлар бандлигини оширишга ва барқарор меҳнат муносабатларини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланган. Таклиф қонун сифатида қабул қилинадими, жамоатчилик муҳокамаси якунларидан кейин маълум бўлади.

Теглар:
×