БМТ дунёнинг 16 минтақасида очарчилик хавфидан огоҳлантирди

БМТ дунёнинг 16 минтақасида очарчилик хавфидан огоҳлантирди

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ОҚХТ) ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) 27 ноябрь куни қўшма маъруза эълон қилди. Унга кўра, 2026 йил декабридан 2027 йил майигача дунёнинг 16 минтақасида озиқ-овқат вазияти кескин ёмонлашиши мумкин.

Можаролар — асосий сабаб

Аниқланган 16 инқироз ўчоғининг 12 тасида қуролли можаролар ва зўравонлик ўткир танқислик омили бўлиб турибди. Жанглар туфайли одамлар уйини тарк этмоқда, бозорлар ишдан чиқмоқда, қишлоқ хўжалиги зарар кўрмоқда. Гуманитар ёрдам етказиш ҳам қийинлашган. Озиқ-овқат, энергия ва ўғит нархларининг баландлиги аҳволни янада оғирлаштирмоқда.

Энг оғир вазият Судан ва Жанубий Суданда. Бу мамлакатларда оммавий очарчилик таҳдиди сақланиб турибди. Сомали, Нигерия шимоли ва Яманда ҳам танқислик жуда ўткир.

Хавфи юқори минтақалар қаторига Афғонистон, Гаити, Конго Демократик Республикаси ва Фаластин ҳам киритилган. Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилгач, Фаластин учун хавф даражаси пасайтирилди.

Эль-Ниньонинг таъсири

Вазиятни Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси ҳам мураккаблаштирмоқда. Бунда Тинч океани экваториал қисмида сув юзаси исийди. Натижада глобал ҳарорат вақтинча кўтарилади, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, озиқ-овқат ва иқтисодий инқирозлар кучаяди. Баъзи баҳоларга кўра, янги қуролли можаролар ҳам келиб чиқиши мумкин.

Маърузада Африканинг жанубий қисми ва Марказий Америкада қурғоқчилик кутилаётгани айтилган. Бу ҳосил камайишига олиб келиши мумкин. Шарқий Африкада эса узоқ давом этган ёғингарчилик танқислигидан кейин вайронкор сув тошқинлари хавфи ортмоқда. Бундай об-ҳаво қишлоқ аҳолисини даромад манбаидан маҳрум қилиб, нархларни яна оширади.

Ёрдам ҳажми қисқармоқда

Гуманитар дастурларни молиялаштириш ҳам камаймоқда. 2022–2025 йилларда дунёнинг энг заиф бешта давлатида озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш соҳасидаги ёрдам тахминан 62 фоизга қисқарган. Бу маблағ 5,1 миллиард доллардан 2 миллиард долларгача тушди.

Маълумотларга кўра, маблағнинг камайиши фақат ёрдам ҳажмига таъсир қилмайди. У очарчилик кўлами ҳақида маълумот йиғиш имкониятларини ҳам чеклайди.

Теглар:
×