Қирғизистон парламенти депутати Нурбек Сидигалиев Бишкекдаги тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун пойтахтни бошқа жойга кўчиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, шаҳарда йўл ўтказгичлар қурилишини ҳам кенгайтириш керак. Бу ҳақда Kaktus.media хабар берди.
Депутат 18 ноябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида сўзга чиқди. У ҳамкасблари билан Ўшга борганида, у ерда кўприклар қурилаётганини кўрган. Шундан келиб чиқиб, Бишкек мэриясига бу тажрибани ўрганишни тавсия қилди.
Қайси чорраҳаларда қуриш таклиф қилинди
Сидигалиев йўл ўтказгичларни шаҳарнинг энг гавжум жойларида қуриш кераклигини айтди. Масалан, Чўй шоҳкўчаси ҳамда Токомбаев ва Абрахманов кўчалари кесишмасида. Шунингдек, Ўшда қурилган кўприкларнинг бири қанча турганини сўради.
Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Ўрунтаева бунга жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, эстакада кўприклари аввалига ҳужжатларсиз қурила бошлаган. Ҳозир эса ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда, харажатлар ҳисоб-китоб қилинмоқда.
Бишкек мэри Айбек Жунушалиев пойтахтда ҳам шундай қурилиш бошлангани ҳақида гапирди. Мисол сифатида Молодая Гвардия шоҳкўчаси ва Л. Толстой кўчаси кесишмасидаги ишларни келтирди. Келаси йили Жанубий магистралда ҳам йўл ўтказгич қуришни режалаштиришмоқда.
«Пойтахтни кўчириш керак»
Депутатнинг сўзларига кўра, Ўшда йўллар ва кўприклар яхши қурилган. Бишкекда ҳам шундай қилиш керак, акс ҳолда тирбандликни бартараф этиб бўлмайди. Унинг таъкидлашича, вазият кундан кунга оғирлашмоқда. Муаммони шу йўл билан ҳал қилиш ёки пойтахтни кўчириш лозим.
Мэр эътироз билдирди: пойтахт кўчирилса, аҳоли ҳам янги жойга боради. Сидигалиев эса одамларнинг бир қисми Бишкекда қолишини айтди.
Депутат шаҳар муаммоларида архитекторларни ҳам айбдор деб билади. Унинг фикрича, улар марказда кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат берган. Бундай биноларни марказда эмас, Сокулук ва Иссиқота томонларда қуриш керак эди.









