Фуқароларни банк номидан алдаб, $8 млн ўзлаштирганлар ушланди

Фуқароларни банк номидан алдаб, $8 млн ўзлаштирганлар ушланди

Ноqонуний GSM-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта колл-марказ ташкил этган ва фуқароларнинг банк карталаридаги пулларни ўзлаштирган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказган.

Тадбирлар давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижарага олиб, сохта колл-марказ ташкил этгани аниқланган. Шунингдек, гуруҳ билан алоқадор 1989 йилда туғилган фуқаро бошқа шахснинг хонадонини ижарага олиб, у ерга колл-марказ фаолиятида фойдаланиш учун GSM-шлюз қурилмасини ўрнатган.


Тошкент вилоятида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс раҳбарлик қилган гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офисида киберхавфсизлик бўлимида ишловчи ходим ҳам бўлган.

Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштиришга уриниш бўлаётганини айтган. Шу йўл билан фуқароларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, банк карталаридаги пулларни ўзлаштирган ва уларнинг номига онлайн кредитлар расмийлаштирган.

Шу тариқа жиноий йўл билан топилган жами 8 миллион доллар сохта масъулияти чекланган жамият орқали криптовалютага айлантирилиб, хорижий давлатга чиқарилган ва легаллаштирилган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида уларга алоқадор бўлган 10 нафар шахс аниқланган.


Теглар:
×